Гиперплазия [гипер… ва юн. plasis – шакланиш, ҳосил бўлиш] – тўқима ва аъзолар тузилиш элементлари (ҳужайралар)нинг зўр бериб кўпайиши натижасида улар сонининг ортиши. Гиперплазия одам, ҳайвон ва ўсимликларда ҳам кузатилади. Гиперплазия, асосан, ҳужайранинг янгидан ҳосил бўлишидир, аммо ҳужайра ичидаги нозик тузилмалар (ядро, ядроча, митохондрия, рибосома, лизосома, эндоплазматик тўр ва ҳ. к.)да ҳам гиперплазия рўй бериши мумкин, айни вақтда, ҳужайра кўпайиши билан бирга катталашади (Юракнинг мушак толаларидаги; буйрак, жигар эпителисининг ҳужайраларидаги Г.). Бу жараён физиологик (масалан, ҳомиладорликда сут безлари эптелийсининг кўпайиши), бузилган фаолиятни тиклайдиган регенерация жараёни (қон йўқотилгандан кейин ёки камқонликда қон яратувчи тизимдаги Г.), патологик (эндокрин безлар ўзаро алоқасининг бузилиши натижасида ўсмалар ўсиши ва ҳ. к.) бўлиши мумкин. Бу жараён баъзан тўқималарнинг айниб, атпик равишда ўсиши ва ўсма ҳосил бўлишига олиб келади.
[addtoany]