Гипоксия [гипо… ва лот. oxygenium – кислород], аноксия, кислород танқислиги – организмда ёки айрим аъзо ва тўқималарда кислород етишмаслиги ёки қабул қилинишининг бузилишидан келиб чиқадиган касаллик ҳолати. Гипоксия нафас олинаётган ҳавода кислород етишмаганида (масалан, баландликка кўтарилганда), ер остида ишлаганда, нафас йўлларига ёт жисмлар тикилиб қолганда, бронхлар спазмит ва бошқа(лар) ҳолларда рўй бериши мумкин. Гипоксия жуда кўп кузатилади ва турли-туман носоғлом (патологик) жараёнлар асосини ташкил этади. Гипоксия ўткир, бир лаҳза (оний) ҳамда сурункали бўлиши мумкин. Енгил гипоксияда ҳам худди мастликка ўхшаш қўзғалиш ҳолати, олий нерв фаолияти, юрак ва нафас тизимида сезиларли ўзгаришлар содир бўлади. Кислород танқислиги бирдан рўй берганида бош огриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, юрак ва нафас фаолиятининг издан чиқиши кузатилади. Ҳатто қисқа муддат бош миянинг кислород билан таъминланмаслиги оғир оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Ўткир гипоксия кўп қон йўқотилганда, миокард ифаркти ва бошқа(лар) оғир ҳолатларда, шунингдек, қоннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти бузилишига олиб келувчи ис гази билан заҳарланганда рўй беради. Сурункали гипоксия юрак фаолиятининг заифлашиши ва тўқималарнинг қон билан таъминланмаслигига сабаб бўладиган юрак нуқсонлари, кардиосклероз касаллигида пайдо бўлиши мумкин. Баъзи витаминлар етишмаслиги ҳам кислород етишмаслигига га сабаб бўла олади. Унинг олдини олиш учун унга чидамлиликни оширадиган махсус машғулотлар олиб борилади. Даво, асосан, Г. га сабаб бўлган омилларни бартараф этишдан иборат.
[addtoany]