Гипотермия [гипо… ва юн. therme – иссиқлик] – одам ва иссиқ қонли ҳайвонларда ҳароратнинг одатдагидан пасайиши; бунга организмда иссикликнинг ҳосил бўлишидан кўра кўпроқ сарфланиши сабаб бўлади. Терморегляция (иссикликнинг идора этилиши) бузилганда, мастлик, қон йўқотиш, шок ҳолатларида организмда иссиқлик ҳосил бўлиши билан унинг ташқарига чиқарилиши ўртасидаги нисбат бузилиб, тана ҳарорати пасайиши мумкин. У табиий ва сунъий бўлади. Табиий гипотермия кўпгина ҳайвонларнинг қишки уйкуга мослашиш жараёнидир, бунда тана ҳарорати тушиб кетганда ҳам улар бемалол яшай олади. Гипотермия шароитида моддалар алмашинуви, қон айланиши, тўқималарнинг кислородга бўлган эҳтиёжи кескин камаяди. Бу эса тиббиёт амалиётида одамнинг ҳам тана ҳароратини сунъий тушириш имкониятини беради. Тана ҳароратини сунъий тушириш учун вегетатив нерв тизимига таъсир этадиган турли дори-дармонлардан фойдаланилади. Сунъий гипотермиянинг умумий ва маҳаллий хиллари бор. Сунъий гипотермия гипертермиянинг хавфли шаклида, калла суяги – мия шикастланишлари, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасининг қнайдиган хилларини даволашда қўлланилади. Ундан жарроҳлик, айниқса, юракни операция қилишда кенг фойдаланилади, натижада қон айланиши қисман ёки тўла тўхтатиб қўйилади, натижада аъзо ва тўқималарда кислород танқислиги хавфи йўқолади.
[addtoany]