Гистаминга қарши дорилар

Гистаминга қарши дорилар, атигистамин воситалар – гистаминнинг айрим аъзоларга ва бутун организмга таъсирини сусайтирадиган моддалар. Улар ичак ва бронх мушакларининг гистамин таъсирида қисқаришига йўл қўймайди, унинг қон айланишига таъсирини камайтиради, капиллярлар ўтказувчанлигининг гистамин таъсирида ортшига тўсқинлик қилади, анафилактик реакцияларнинг кечишини осонлаштиради. Гистаминга қарши дорилар меъдадан шира чикишининг гистамин таъсирида кучайишига барҳам бермайди, гистамин чиқишига айтарлик таъсир кўрсатмайди ва антиген – антитело реакцияларига путур етказмайди. Айрим гистаминга қарши дорилар марказий нерв тизимининг фаолиятини сусайтириб, беморни тинчлантиради ва ухлатади, наркотик, оғриқ қолдирувчи дорилар таъсирини кучайтиради, денгиз ва тот касаллигида кўнгил айниши ва кусишнинг олдини олади, ҳомиладорларнинг кусишини босади, тиришишга қарши таъсир этади.

20-а. охирларида Г. к. д. нинг янги туркуми, Н-гистамин блокаторлар ихтиро қилинди. Булардан циметидин, ранитидин, фамотидин, низатидин, роксатидин ва уларнинг кўплаб аналоглари меъда-ичак ярасини даволашда кенг қўлланилмоқда. Гистаминга қарши дорилар, асосан, эшакем, аллергик ва вазомотор ринит, аллергик конюнктивит, экзема, капилляротоксикоз, бронхиал астчанинг бошлангич даврида буюрилади.

[addtoany]