Гликоген

Гликоген [юн. glykys – ширин ва genes – туғилган] – кўп тармоқли полисахарид; молекуласи a-D-глюкопираноза қолдиқларидан иборат аморф маҳсулот. Мол. м. 106-109. Тузилиши жиҳатидан крахмалга ўхшайди. Тирик организмда ўсимликлардаги крахмал каби функцияни бажаради. Кўпчилик тирик организмларнинг тез сафарбар қилинадиган қувват заҳираси. Гликоген умуртқалиларнинг, асосан, жигари (2-6 %) ва мушаклари (2 %)да тўпланади. Ачитқилар, айрим замбуруғлар ва сув ўтларида, маккажўхорининг айрим навлари донларида ҳам топилган. Гликогеннинг парчаланиши – гликогенолиз фосфоролитик (фосфорилаза ферменти таъсирида) ва гидролитик (амилаза ферменти таъсирида) йўл билан амалга ошади. Гликоген фосфорилазаси маҳсулоти – глюкозо-1-фосфат фосфоглюкомутаза таъсирида изомерланиб, глюкозо-6-фосфатга айланади. Умуртқалилар жигарида глюкозо-6-фосфатнинг анча қисми глюкозо-6-фосфатаза билан гидролизланиб, эркин глюкоза ҳосил қилади ва қонга ўтади.

[addtoany]