Глицерин [юн. glykeros – ширин] – 1-, 2-, 3-пропантриол, НОСН2 – СНОН – СН2ОН – уч атомли оддий спирт; рангсиз, ҳидсиз, шиннига ўхшаш, чучмал суюқлик; Мол. м. 92,09, зичлиги 1260 кг/м3, суюқланиш ҳарорати 17,9°, кайнаш ҳарорати 290°, сувга, метил ва этил спиртлага, ацетонга аралашади, спирт билан эфир ёки хлороформ аралашмасида эрийди; ёғ, бензин, бензол, карбон сульфидда эримайди. Органик ва анорганик моддаларни, масалан, туз, ишқор, шкарларни эритиб юборади; ҳаводан сув ютади (оғирлик жиҳатидан 40 % гала). Сув билан арлаштирилса иссиқлик ажралиб чиқиб, контракция (ҳажм камайиши) ҳодисаси кузатилади. Бошқа спиртлар каби металл глицератлар ҳосил қилади. Глицеринга минерал кислоталар таъсир эттириб эфирлар олинади, масалан, нитрат ва сульфат кислоталар аралашмаси таъсир эттирилса, нитроглицерин ҳосил бўлади. Глицерин табиий ёғ ва карбон кислоталарнинг триглицеридлари аралашмаслиги иборат мойлар таркибида бўлади.
Саноатда озиқ-овқат ёғларини турли катлизаторлар (кислоталар, ишкорлар, ферментлар) иштирокида совунлаш йўли билан олинади. Ҳозир ушбу моддани синтез йўли билан пропилендан олиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Глицерин организмда ёғлар ва фосфатидларнинг парчаланишидан ҳосил бўлиб, ёғ ва карбон алмашинувида боғловчи воситасини ўтайди. Юқори ёғ кислоталарининг триглицеридлари ҳайвон ва ўсимлик ёғларининг асосини ташкил этади. Глицерин нитроглицерин, глифталь смолалар и. ч. да, матолар, тери ва қоғозни юмшатувчилар, эмульгаторлар, антифризлар, сурков мойлари, пойабзал мойлари, совун ва елимлар, атир-упа ва косметик дори воситалари, тиббиёт суртмлари, ликёрлар, қандолат маҳсулотлари компоненти сифатида қўлланилади.