Глоссит

Глоссит [юн. glossa – тил, itis – яллиғланиш] – тил тўқималарининг яллиғланиши. Тилнинг шикастланиши: тирналиши, ёрилиши ёки уни тишлаб олиш, кўпинча, иссиқ овқат ёки кимёвий моддалардан куйиши натижасида келиб чиқади. Тилнинг яллиғланиши меъда-ичак ва бошқа(лар) ички аъзолар ҳамда қон касалликлари, шунингдек, инфекцион касалликлар (грипп, қизамиқ, скарлатина) ва уларнинг алоҳида хиллари (захм, мохов, сил) ёки стоматит, гижжа касалликлари, авитаминоз ва бошқа(лар) белгиларидан бўлиши ҳам мумкин. Глоссит тўсатдан бошланиб, яллиғланишга хос белгилар билан кечади. Глосситда тил оғрийди, атрофидаги тўқималар билан бирга шишади, натижада бемор гапириш, чайнаш, ютиниш, баъзан нафас олишга ҳам кийналади, кўп сўлак оқади. Глоссит белгилари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга учрашиш зарур. Даво касаллик белгиларига қараб тайинланади, энг муҳими, касалликка сабаб бўлган омил бартараф этилиши лозим. Аччиқ, шўр овқатлардан ўзни тийиш, илик, юмшоқ овқат ёйиш тавсия этилади.

[addtoany]