Гнотобионтлар

Гнотобионтлар [юн. gnotos – маълум ва biotos – ҳаёт, тириклик] – микроорганизмлардан тамоман холи бўлган ҳайвонлар. Гнотобионтларни илмий тадқиқот ишлари учун стерил шароитда етиштирилади. Баъзан бирор микроорганизм билан махсус зарарланган ҳайвонларни ҳам гнотобионтлар дейилади. Микробсиз ҳаёт мумкинлиги тўғрисидаги ғояни биринчи марта Л. Пастер (1885) ўртага ташлаган эди, аммо фақат 20-а. нинг 40-й. лари охирига келиб Америка ва Япония олимлари стерил ва махсус аппаратура ёрдамида микробсиз ҳайвонларни ривожлантириш ва кўпайтириш учун сунъий шароит яратишди. Гнотобионтлар (денгиз чўчқачалари, сичқонлар, қуёнлар ва бошқалар) лабаротория ҳайвонлари ҳамда чўчқа, бузоқ ва бошқалардан экспериментал биология ва тиббиётнинг турли соҳаларида фойдаланиши 20-а. нинг 60-й. ларига келиб мустақил илмий йўналиш – гнотобиологиянинг ривожланишига олиб келди. Гнотобионтларнинг биринчи авлоди бачадондан ҳомилани стерил чиқариб олиш ёки қушлар, ҳашаротлар ва бошқа(лар)нинг зарарсизлантирилган тухумларини инкубация қилиб, сўнгра махсус изоляторлада ўстириш орқали олинади. Бундай организмлар бошқа нормал микрофлорага эга бўлган ҳайвонлардан баъзи (хусусан, табиий шароитда микрофлора билан контактда бўладиган) органлар ва тўқималарнинг ўзига хос тузилиши ва фукнционал фаоллиги билан фарқ қилади. Гнотобионтларни олиш иммунитет микроб (паразит) билан хўжайин организми ўзаро таъсири механизмларининг шаклланиши, овқат ҳазм қилиш физиологияси, инфекцион патология ва бошқаларни қатъий назорат қилинадиган шароитда ўрганишга имкон беради. Гнотобионтлар соҳасида тадқиқотлар табиий шароитда организмда нормал микрофлора бўлгандагина ҳайвонлар нормал ҳаёт кечириши мумкинлигини кўрсатди. Гнотобиология усулларидан клиник тиббиёт, микробиология, иммунология, вирусология, паразитология соҳаларида, шунингдек, диагностик зардоблар ишлаб чиқариш, фармаколотик ва биологик препаратларни синаб кўришда фойдаланилади.

[addtoany]