Галлюцинация

Галлюцинация [лот. hallucinatio – хом хаёл, бемаъни, хато] – йўқ нарса ва ҳодисаларни бордек идрок этиш. Идрок этилган йўқ образлар ташқи тасвирга эга бўлиб, улар борлиқда реал нарсалар каби ўрин олади ва шу туфайли бемор буларнинг ростлигига ишонади, аслида йўқ нарсаларни кўраётган, эшитётгандек бўлади. Руҳий ва инфекцион зарарлнишлар, бош мия шикастлари, алкоголизм билан боғлик психозларда, гиёҳвандликнинг баъзи хили, руҳий изтироб ва ҳ. к. оқибатида юзага келади. Галлюцинацияни биринчи бўлиб француз психитри Ж. Эскирол таърифлаб берган (1817). Галлюцинациялар бош мия барча фаолиятининг бузилиши билан боғлик бўлиб, у факат идрок этиш ва тасаввур қилишнинг бузилишигина бўлмай, балки беморнинг атроф муҳитга бўлган муносабати, унинг ҳиссиёти ва тафаккурларининг ҳам ўгаришидир. Галлюцинациянинг оддий ва мураккаблиги, қайси анализаторга тааллуқлилиги, галлюцинатор образларнинг тасвири ҳамда пайдо бўлиш шароитига қараб бир неча хилга ажратилади. Галлюцинациянинг оддий хили, яъни элементар галлюцинацияга фотопсиялар (кўз олдида учқун, тутун ёки туман кўриниши) ҳамда аказмлар (кулоққа шовқин, карсиллаган товуш эшитилиши) кириб, улар ҳар доим предметсиз юзага келади. Галлюцинациянинг мураккаб хили доим предметли ва тасвирий табиатга (беморнинг кўз ўнгида унга ташланаётган ҳайвон ёки қон кўриниши мумкин) эга бўлади.

Табиатига кўра (сезги аъзолари ёки анализаторлар бўйича) кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, тактил ва умумий сезги, шунингдек, вестибулятор ва мотор галлюцинациялар фарқ қилинади. Беморда бир вақтнинг ўзида бир нечта Г. кузатилади. Масалан, бемор (аслида йўқ) таниш ёки нотаниш кишиларни кўриши, гапларини эшитиши; Гулларни кўриб уларни ушлаши ёки ҳидлаб кўриши мумкин. Булар ичидан императив мазмундаги эшитиш Г. и хавфли, бунда ғойидан келган товуш беморга бирор иш (ўзини ўлдириш, овқат емаслик, ўйини ёқиш, атрофдагиларга тажовуз қилиш) буюради. Асли йўқ товушга бемор итоат қилиб баъзан жиноятга қўл уриши, ўз-ўзига ёки ўзгалар жонига қасд қилиши мумкин. Галлюцинация пайдо бўлиш вақти ва шароитига кўра гипногагик (уйқу олди) ва гипнопампик (уйғониш вақтида), клиник кечишига қараб эса чин ва сохта хилларга ажратилади. Уларни иллюзиядан фарқламоқ керак. Галлюцинация кўпгина руҳий касалликларнинг ўзига хос белгиларидан ҳисобланади.