Идрок

Идрок – тирик организмнинг маълумотларни қабул қилиб, қайта ишлаш жараёни; организмга объектив реалликни акс эттириш ва ташқи оламдаги янгидан-янги вазиятларни баҳолаб, шунга яраша ҳаракат қилиш имконини беради.

Идрок онгнинг, миянинг ижодий жараёнидир. Унинг физиологик асоси бош мия ярим шарлари пўстлоғининг анализ ва синтез фаолиятдан иборат. Бу фаолият сезги аъзоларимизга таъсир қилиб турган нарсаларнинг битта хусусияти билан эмас, балки жами хусусиятларининг таъсири билан боғлик. Идрок ана шу барча хусусиятлар ўртасидаги муваққат боғланиш натижасида юзага келади. Инсон миясининг умумлаштирувчи фаолиятига асосланган идрок жараёнига кишининг тажрибаси, билим, абстракт тафаккурнинг фаолияти ва бошқа(лар) ҳам иштирок этади. Шу боис кишилар айни бир нарса ёки ҳодисани ёшлари, маълумотлари, турмуш тажрибалари, касблари, ижтимоий келиб чиқишлари, характер, қобилият ва кизикишларида кўринадиган шахсий хусусиятларига қараб ҳар хил идрок қиладилар. Масалан, тегишли ихтисоси бўлмаган кишининг бирорта янги машинани идрок қилиши ихтисоси бор одамнинг онгига қараганда тор ва юзаки бўлади.

Идрокнинг муҳим хусусиятларидан бири барқарор (констант)лигидир. Инсон бир вақтда И. қилган нарсани ўз хотирасида сақлаб қолиш ва уни қайта тиклаш қобилиятига эга. Бир нарсанинг ана шундай қайта тикланган тимсоли И. жараёнининг ажралмас қисми. Унинг хусусияти кўп жиҳатдан ҳиссий кечинмалар (шодлик, ғамгинлик, тажанглик ва ҳ. к.)га ҳам боғлиқ. Масалан, кишининг таъби хира вақтида табиат манзаралари унга аллақандай сўниқдек кўринса, таъби чоғ вақтида у бутунлай бошқача кўринади.

[addtoany]