Гальванизация (Л. Гальвани номидан) – тиббиётда кучи (50 ма) ва кучланиши паст (60-80 В) бўлган ўзгармас электр токи билан даволаш, электротерапия усули. Беморга ток, кўпинча, пластинкасимон қўрғошин электродлар орқали берилади. Баданни куйдириб қўймаслик ва ток танага бир текис тақсимланиши учун электродлар сув билан ҳўлланган мато устидан қўйилади. Гальванизация таъсирида организмнинг ҳужайра ва тўқималарида мураккаб физикимёвий жараёнлар (тўқима суюқлигининг ҳаракати, ионларнинг тақсимланиши, ҳужайра мембранасининг ўтказувчанлиги, шунингдек, моддалар алмашинуви ва ферментатив жараёнларнинг ўзгариши) рўй беради. Гальванизация нерв тизимининг фаолиятини яхшилайди, оғриқни босади, шикастланган нерв толалари ва бошқа(лар) тўқималардаги тикланиш, сўрилиш жараёнини тезлатади. Радикулит, неврит, невралгия, бўғимларнинг сурункали яллиғланиши, миянинг зарарланшидан келиб чиқадиган асоратлар, моддалар алмашинуви касалликлари ва ш. к. ни даволашда қўлланилади.
[addtoany]