Радикулит

Радикулит [лот. radicula – илдизча] – орқа миянинг нерв илдизлари ва улардан кетадиган нерв толалари касаллиги. Периферик нерв тизимининг энг кўп тарқалган хасталик. Кўпинча, умуртқа поғонаси касаллиги (остеоходроз) сабаб бўлади. Бунда амортизация ролини ўйнайдиган умуртқалараро диск эластиклигни йўқотиб, мўрт бўлиб қолади. Диски ўзгарган умуртқанинг бириккан ерида туз йиғилиб, суяк ўсиши (остеофитлар) кузатилади. Ўсиб чиққан суяк ўсиқчалари умуртқа орасидан ўтадиган нерв илдизчаларини қисиши натижасида оғриқ пайдо бўлади. Радикулит жароҳатлар оқибатида, совқотиш (масалан, узоқ вақт муздай сувда ювниш, зах жойда ўтириш ва бошқа(лар)), организм ичдан заҳарланганда, юқумли касалликлар асорати сифатида рўй бериши мумкин.

Зарарланган нерв илдизчалари ва нерв толалари бўйлаб оғриқ пайдо бўлиши ва сезувчанликнинг йўқолиши, баъзан ҳаракат бузилиши ҳам радикулитга хос аломатлардан ҳисобланади. Радикулит, одатда, бирданига пайдо бўлиб, кўп ҳолларда сурункали шаклга ўтади ва вақт-вақти билан қўзиб туради. Нерв толаларининг қайси қисми зарарланганлигига қараб, касаллик ҳар хил бўлади. Энг кўп тарқалган хили бел-думғаза радикулит идир. Бунда бел-думғаза соҳасида ҳамда қуймич нерви бўйлаб ҳар хил оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ қмирлаган пайтда кучаяди, шунинг учун бемор бирданига қимирлай олмайди, юрганида эса танасини олдинга ёки ёнга эгиб олади, натижада умуртқа поғонасининг қийшайиши, орқа мушакларининг таранглашиши кузатилади. Бемор оғриқни камайтириш учун ўринда оёғини букиб, қорнига тортиб ётади. Агар фақат бел нерви илдизчалари зарарланса, оғриқ сон юзасида бўлади. Қуймич нерви чиқадиган думғаза бўлими илдизчалари кўпроқ зарарланиши билан ўтадиган бел-думғаза радикулити ишиас деб ҳам юритилади.

Ишиасда оғриқ қуймич нерви бўйлаб (думба, соннинг орқа юзаси, болдир, оёқ пажасига) тарқалади. Оёқ совқотади, увушади, чумоли юргандек сезилади. Касал оёқнинг мушаклари тонуси пасаяди ва «сўлиб» қолганга ўхшайди, кейинчалик атрофияга учрайди. Қуймич нервининг тортилиши (одам энгашганда, оёқ кўтарилганда ва бошқа(лар) вазиятларда) оғриқнинг зўрайишига олиб келади.

Бўйин-елка радикулит ида оғриқ энсага, елкага, куракка тарқалади. Бошни кимирлатганда ва атрофга қараб кийшайтирилганда, қўл қимирлатилганда, аксирганда, йўталганда оғриқ зўраяди. Касалликнинг оғир шакпларида қўл увушади, ловуллаб ачишади ва санчади, кейинчалик сезиш ҳам ўзгара бориб, секин-аста мушаклар кучсизланиб «озади» (атрофия).

Кўкрак радикулити кам учрайди. Бунда оғриқ квурғалар оралиғида бўлади ва қимирлаганда, чуқур нафас олганда зўраяди.

Касаллик билан оғриган беморни невропатолог-врач даволайди. Даво касалликни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилади. Радикулитнинг олдини олишда даво гимнастикаси, физкультура ва ҳар хил спорт турлари билан шуғулланиш (организмни чиниқтириш) катта аҳамиятга эга.

[addtoany]