Гастроптоз

Гастроптоз [гастро… ва юн. ptosis – пастга тушиш] – меъданинг ўз ўрнидан пастга тушиши. Кўп туққан аёлларда, озиб кетган ва узоқ ўтириб ишлайдиган кишиларда учрайди. Корни девори тонусининг пасайиши, диафраманинг баъзи касалликлари, ўпка эмфиземаси, экссудатив плеврит сабаб бўлади. Гастроптозда қорин бўшлиғида оғирлик сезилади, қорин дам бўлиб, бемор ҳадеб кекираверади, қулоғи шанғиллаб, боши айланади. Қорин мушаклари бўшашиб, пастки қисми осилиб кетади, меъдада сув борлиги сезилади. Беморга тез ҳазм бўладиган тўйимли овқат буюрилади, вақтинча енгил ишга ўтиш тавсия этилади, қорин мушакларини мустаҳкамлаш учун махсус бадан тарбия ва массаж қилинади. Ҳомиладорлик вақтида ва туққандан кейин шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, санаторий ва курортларда даволаниш тавсия этилади.

[addtoany]