Гельминтозлар [юн. helmins, helminthos – гижжа, курт] – одам, ҳайвон ва ўсимликларда паразит чувалчанглар – гелминтлар қўзғатадиган касалликлар. Одамда гижжаларнинг 150 дан ортиқ тури учрайди. Яшаш шароитлари: иқлим, тупроқнинг ҳолати, деҳқончилик хусусиятлари ва аҳолининг гигиеник кўникмалари даражасига қараб турли минтақаларда турли хил гижжалар учрайди. Асосан, гижжаларнинг 4 синфи: нематолапар, цестодалар, трематдалар ва акантоцефаллар паразитлик қилади. Шунга кўра текшириш чоғида топилган гижанинг синфига қараб нематодоз, цестодоз, трематодоз, акантоцефалез каби гуруҳларга ажратилади; ҳар бир гуруҳга бир неча турдаги гижжалар киради. Масалан, энтеробиоз, аскаридоз нематодоз гуруҳига, ҳўкиз солитёри, чўчқа солитёри, кенг тасмали гижжалар цестодозлар гуруҳига мансуб. Одам гижжаларнинг оралиқ ёки мутлақ хўжайини бўлиши мумкин. Гельминтозлар келишида ўткир ва сурункали давр фарқ қилинади. Олимлар орасида Одамда гельминтларнинг бўлиши маълум жиҳатдан унинг қон гуруҳига ҳам боғлик деган фикрлар мавжуд. Ўзбекистонда гельминтозлардан энтеробиоз, гименолепидоз ва аскаридоз кўпроқ учрайди. Гельминтлар одамнинг нафас олиши, овқат ҳазм қилиши, мушак тизими, жигар, талоқ, қон, мия, кўз ва бошқа(лар) аъзоларида паразитлик қилади. Гижжаларнинг хили, сони ва қайси аъзода бўлишига қараб касаллик ҳар хил кечади. Касалликда одамнинг вазни ҳамиша камаяди, у ланж, инжиқ бўлиб қолади, боши айланади ва ҳ. к. Гижжа ичакда бўлса, ич қотади ёки ич кетади, кўнгил айнийди, баъзан бемор қайт қилади, жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан сарғаяди, ўпкада бўлса, йўтал тутади. Гельминтозларда, кўпинча, меҳнат қобилияти пасаяди, бола яхши ўсмайди, хотираси сусаяди ва ҳ. к. Гижжаларнинг личинкалари ёки тухумлари топилишига қараб ташхис қўйилади. Серологик реакциялар (иммун флуоресцентлаш, бевосита гемагглтинация реакциялари ва ҳ. к.)дан фойдаланиш гельминтозларни эрта аниқлаш ва вақтида ташхис қўйиш имконини беради. Гельминтозларнинг олдини олиш учун аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, покизаликка риоя қилиш муҳим. Айниқса, ясли-боғчага қатнайдиган болаларнинг ҳар бирига алоҳида тувак бўлиши ва кўзларини бот-бот совунлаб ювиб туришига алоҳида эътибор бериш лозим. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чала пиширилган овқатни истеъмол қилмаслик, кўкат ва меваларни одон ювиб ишлатиш, хом гўшт тўғрашга ишлатиладиган тахтакачни пишганига ишлатмаслик гельминтозларнинг кескин камайишига олиб келади. Кўкаларни ишлатишдан 1 соат олдин 3 % ли ош тузи эритмасига солиб қўйиб, кейин яхшилаб чайиб ташланса, гижжа тухумлари буткул йўқолади.
Гижжаларнинг турига қараб гельминтозларнинг Давоси ҳар хил. Беморни даволашда яхши наф берадиган дорилар мавжуд. Уларни фақат шифокор билан маслаҳатлашиб қўллаш лозим.
Гельминтозларга қарши курашишда гўшт ва бошқа(лар) маҳсулотларни ветеринария-санитария назоратидан ўтказиш, тирик личинкалар топилган тақдирда истеъмолга яроқсиз деб топиш, аҳоли яшайдиган жойлар тозалиги, гўнгдан ўғит сифатида фойдаланиш ишлари устидан қатъий назорат ўтказиш ва бошқа(лар) махсус чоралар кўриш зарур.
[addtoany]