Одам – барча жонзодларнинг энг юқори поғонасида турадиган мавжудот, ижтимоий жараёнлар субъекти. Одам ижтимоий меҳнат асосида шаклланган тафаккур ва нутққа эга бўлиши, меҳнат қуроллари ясаши ва атроф муҳитга фаол таъсир кўрсата олиши билан бошқа тирик мавжудотлардан фарқ қилади. Одамни антропология фани ўрганади.
Одамнинг ҳайвонлардан фарқи. Зоология системасига кўра, Ҳозирги онгли одам (Ношо sapiens) тури хордалилар тили, сут эмизувчлар синфи, приматлар турқумига киритилади. Бош миясининг йириклиги, тирноқларининг ясси бўлиши, бош бармоқларининг бошқа бармоқлари қарама-қарши қўйилиши, скелет ва аъзоларнинг тузилиши, она қорнида ривожланиши, рудимент ва атавистик белгиларнинг ўхшашлигига биноан, одам одамсимон маймунлар оиласига киритилади. Бундан ташқари, одам билан одамсимон маймунларнинг касалликлари ва паразитлари ҳам ўхшаш.
Одам одамсимон маймунлардан оёқларининг қўлга нисбатан узунлиги, умуртқа поғонасида бўйин, кўкрак, бел, думғаза эгиклари ва товон гумбазининг бўлиши, чаноқ суягининг кегайганлиги, кўкрак кафасининг олдинги томондан яссиланганлиги, оёқ бармоқларининг бир қатор жойлашганлиги ва бошқа(лар) морфологик белгилари билан фарқ қилади. Маъноли нутққа эга бўлиши туфайли одам бош мия ярим шарлари пўстлоғининг нутқ билан боғлиқ қисмлари кучли ривожланади; товуш ҳосил қилувчи аппарат одам учун ўзига хос тузилишга эга. Бош скелети мия қисмининг юз қисмига нисбатан йирик бўлиши, танасида жунларнинг йўқолиб кетиши ҳам одам учун хос белги ҳисобланади.
Одамнинг келиб чиқиши ва тарихий ривожланиши тўғрисида турли фикрлар ва нзариялар мавжуд. Одам билан боғлик қад. ривоялар ва қад. диний китобларга кўра, Одамато ва Момоҳаво Ер юзидаги дастлабки одамлар бўлган. Зардуштийлик динида одам табиатнинг бир бўлаги, унда вужудга келган ва яна унга қайтади дейилади. Ислом динига кўра, худо «ўзининг энг эрка ва эркин бандасини тириклик оламига сардор қилиб юборган», яъни одамни лойдан ўзининг ердаги ўринбосари (хлифаси) сифатида яратиб, унга ўз руҳидан жон ато этган, унга ақл-идрок берган. Табииёт фанларининг ривожланиши билан одамнинг пайдо бўлиши тўғрисида илмий фикрлар пайдо бўла бошлади. Француз олими Ж. Ламарк биринчи бўлиб одамнинг пайдо бўлишини умумий тарзда тушунтириб берди. Унинг фикрича, одам дарахда яшашдан ерда юришга ўтган маймунсимон аждодлардан келиб чиққан. Инглиз олими Ч. Дарвин одамнинг пайдо бўлиши муаммосини эволюцион нуқтаи назардан талқин қилиб, одам билан одамсимон маймунлар узоқ умумий аждодга эга эканлигини кўрсатиб берди. Унинг фикрича, антропогенезда ҳам биологик омиллар, яъни яшаш учун кураш, ирсий ўзгарувчанлик ва табиий танланиш амал қилади. Лекин, кўпчилик олимларнинг фикрича, антропогенезда биологик омиллар билан бир қаторда ижтимоий омиллар (ижтимоий ҳаёт, ижтимоий меҳнат), айниқса, унинг сўнгги босқичларида катта аҳамиятга эга бўлган.
Тик юришга ўтиш одам эволюциясида ҳал қилувчи аҳамият касб этади, чунки тик юриш туфайли қўллар таянч вазифасидан озод бўлиб, меҳнат қуроллари ясаб, уни ишлатадиган аъзога айланган. Меҳнат қуролларининг пайдо бўлиши эса одам тафаккурини кенгайтирган, унинг табиатга қарамлигини камайтирган. Меҳнат фаолиятининг ривожланиши билан антропогенезда биологик омиллар таъсири камайиб, ижтимоий омиллар аҳамияти орта борган.
Антропогенезда ижтимоий ҳаёт катта аҳамиятга эга бўлган. Одам аждодлари азалдан тўда бўлиб яшашган. Қўл меҳнат аъзосига айлана бориши билан улар жамоа бўлиб яшашга ўтишган, яъни биргаликда овга чиқишган, ўзларини ҳимоя қилишган; болаларини тарбиялашган, уларга ҳунар ўргатишган. Оловнинг кашф қилиниши, овқатни пишириб ейилиши одам жағ суяклари ва чайнаш мушаклари вазнни камайтириб, жағларнинг ҳаракатланишини осонлаштирган, нутқнинг ривожланиши учун имкон яратган. Маъноли нутқнинг пайдо бўлиши эса одам тафаккурини кенгайтирган; одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг тезлашувига олиб келган. Бу жараёнлар туфайли, бош миянинг вазни, катта ярим шарлар пўстлоқ қисмининг сатҳи ортган, натижада онг, тафаккур ва нутқ ривожланган. Тахминларга кўра, дастлабки одамлар бундан 1-2 млн. йил илгари, ҳозирги одам бундан 40 минг йил илгари пайдо бўлган.
Одам эволюциясининг асосий йўналишлари. Мезозой эрасида ҳашаротхўрлар орасидан парапитеклар (маймунсимон ҳайвонлар) ажралиб чиққан. Улардан кейинчалик ярим маймунлар, маймунлар ва дриопитеклар (дарахтда яшовчи маймунлар) келиб чиққан. Иқлим совиб, ўрмонларнинг сийраклашиб бориши билан дриопитеклар ерда яшашга ўтишган. Одам пайдо бўлишининг 1-босқичи маймунсимон ҳайвонларнинг 2 оёқда юришга ўтишидан иборат. Бу босқичда олдинги оёқлар таянч вазифасидан озод бўлиб, қўлга айланган. Худди шу йўл билан австралопитеклар (жан. маймунлар) келиб чиққан. Улар бундан 3-5 млн. йил илгари Жан. ва Шарқий Африка ҳамда Жан. Осиёда яшаган. Антропогенезнинг 2-босқичи онгли равишда меҳнат қуроли ясашга ўтишдан иборат. Энг қад. одам питекантроплар (маймун одам лар) бундан 1 млн. йил аввал яшаган. Улар скелети қолдиқлари Ява ороли, Африка ва Жан. Европадан топилган. Питекантроплар тўда бўлиб, ғорларда яшашган; жуда содда тош қуроллар ясашган; оловдан фойдаланишган. Улардан кейинроқ яшаган синантроплар (хитой олами) ва неандерталлар тош ва суякдан қурол ясашни билишган, ҳайвон терисини ёпиниб юришган. Уларнинг бош мияси питекантропларга нисбатан йирикрок бўлган. Неандерталлар скелети қолдиқлари дастлаб Германиянинг Неандетал дарёси яқинидан, кейинчалик Африка,
Осиёдан, жумладан, Сурхондарё водийсидаги Тешиктош ғоридан топилган. Неандерталлар бундан 150 минг йил аввал тахм. 100 кишидан иборат гуруҳ бўлиб, ғорларда яшашган. Энг сўнгги неандерталлар бундан 28 минг йил илгари ҳозирги одамлар орасида яшаган. Улар имо-ишоралар ва оддий сўзлар ёрдамида мулоқот қилишган; тош, суяк ва ёғочдан меҳнат қуроллари ясашган. Неандерталлар орасида дастлабки меҳнат тақсимоти пайдо бўлган, деб тахмин қилинади.
Ҳоз. одамлар (кроманьонлар)нинг дастлабки вакиллари бундан 30-40 минг йил аввал пайдо бўлган. Улар дастлаб Франция жан. даги Кро-Маньон қишлоғидаги ғордан топилган. Кроманьонлар бўйининг баландлиги (180 см), мия қутиси ҳажмининг катталиги (160 см3), пешонасининг кенг ва тик бўлиши, қош усти бўртиғининг бўлмаслиги, иягининг ривожлаганлиги билан синантроп ва питекантроплардан фарқ қилади. Улар уруғ ва жамоа бўлиб яшаган; бошпана қуришни, ҳайвонлар терисидан кийим тикишни билишган; нутқи ривожланган. Кроманьонлар Ҳоз. Одамлар билан бирга ақлли одам турига киради.
Ақлли одам тури Ер юзида кенг тарқалган, лекин бир текис тарқалмасдан, популяциялар (ирқлар)ни ҳосил қилган. Кроманьонлар даврида меҳнат қуролларининг янада такомиллашуви сунъий яшаш муҳитининг яратилиши туфайли одам эволюциясида биологик омиллар таъсири кескин камайиб, ижтимоий омиллар таъсири кучаяди. Антропогенез жараёнида серпуштлик камайиб, жинсий балоғатга етиш секинлашди, болалик даври ва одамнинг умри узайди. Ҳозирги одамнинг пайдо бўлиши билан табиий танланишнинг тур ҳосил қилиш функцияси ҳам тугади. Лекин одам жисмоний тилининг турғунлиги нисбий бўлиб, тур доирасида морфология ва функциялар турли йўналишда ўзгариб туради. Агар бу хилдаги ўзгаришлар онтогенезнинг тезлашуви билан боғлик бўлса, акселерация дейилади. Ҳоз. даврда тиббиёт фанларининг ривожланиши одам организмини клонлаш ва унинг генофондини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ва этник масалаларни ўртага ташламокда.
Анатомо-физиологик хусусиятлари. Одам танаси ҳам барча хордалилар сингари 2 томонлама симметрияга эга бўлиб, бош, бўйин, тана, оёқ ва қўлларга бўлинади. Бу бўлимлар ҳам яна тегишли қисмларга ажратилади. Хусусан, бош бўлими мия қутиси ва юзга, тана – кўкрак, қорин ва орқага, қўл – елка, тирсак, билак ва панжага; оёқ – сон, тизза, болдир ва панжага бўлинади. Одам танаси бичимида ёш, жинс ва шахснинг ўзига хос хусусиятлари намоён бўлади. Масалан, эркаклар танаси нисбатан йўғон ва йирик, чаноғи тор, елкаси кенг; аёллар танаси, аксинча, нозик, калта, чаноғи елкага нисбатан кенгроқ бўлади. Тана тузилишининг долхморф (дароз), брахиморф (калта), улар ўртасида мезоморф (ўрта бўй), астеник (новча, хипча, озғин), гиперстеник (семиз, пакана), нормостник (нормал) тиллари мавжуд.
Одам танаси тери билан қопланган. Тери организмни ҳимоя қилади, айириш ва ҳароратни бошқариш фаолиятида ҳам иштирок этади. Скелет таянч функциясини бажаради, организмга шакл бериб туради. Суяклар, уларни туташтриб турувчи пайлар ҳамда мушаклар билан бирга таянч-ҳаракат тизимини ҳосил қилади. Одам скелети калла (мия қутиси, юз), тана (умуртқа поғонаси, қовурғалар, тўш), қўл (елка, билак, тирсак, панжа), оёқ (сон, катта ва кичик болдир, оёқ панжаси), елка камари (ўмров, курак) ва оёқ камари (чаноқ) сувларидан иборат. Таянч-ҳаракат тизими таянч, танани тик тутиш, ҳаракатланиш ҳамда ҳимоя (мия қутиси, умуртқа поғонаси, кўкрак қафасини ҳосил қилувчи, чаноқ суяклари) фаолиятини бажаради. Калла суяги мия қутиси ва юз бўлимига бўлинади. Мия қутиси пешона, иккитадан тепа ва чакка, энса, понасимон ва ғалвирсимон юз суяклари бир жуфтдан юқори жағ ва ёноқ, бурун, кўз косаси суякларидан иборат. Юқори ва пастки жағлар тишлар билан биргаликда оғиз бўшлиғини ҳосил қилади. Калла суягининг юз қисмида чайнаш мушак лари; кўз, бурун ва оғиз атрофида мимика мушаклари жойлашган. Умуртқа поғонаси 33-34 та умуртқадан иборат бўлиб, бўйин (7 та умуртқа), кўкрак (12), бел (5), думғаза (5), дум (4-5) бўлимлари бор. Думғаза ва дум умуртқалари ўзаро ҳаракатсиз, бошқа умуртқалар чала ҳаракатчан қўшилади. Кўкрак умуртқалари, 12 жуфт қовурғалар ва тўш сулги кўкрак бўшлиғини ўраб турадиган кўкрак қафасини ҳосил қилади. Кўкрак бўшлиғи пастки томондан диафрагма орқали қорин бўшлиғидан ажралган. Кўкрак қафаси девори ички томондан юпқа плевра парда билан (қ. Нафас), ўпка ҳам худди шундай плевра билан қопланган. Кўкрак бўшлиғида юрак, йирик қон томирлари, ўлкалар, уларга келувчи трахея, бронхлар, қизилўнгач жойлашган. Кўкрак қафаси деворининг олдинги қисмини кўкрак мушаклари қоплаб туради. Кўкракнинг чап ва ўнг томонида сут безлари бўлади. Қовурғаланинг умуртқалар ва тўш сулги билан ярим ҳаракатчан бирикканлиги ва қовурғалар орасидаги мушакларнинг қисқариши сабабли кўкрак кафасининг кенгайиши ва торайиши натижасида нафас олиш содир бўлади. Бел умуртқалари, кейинги қовурғалар ва чаноқ суягининг олдинги уйига қориннинг сербар мушаклари бирикади. Қориннинг олдинги ва ён деворлари мушаклардан иборат. Бу мушаклар ички аъзоларни ушлаб туради ва қорин прессини ҳосил қилди. Қорин бўшлиғини юқоридан диафрагма, пастдан чаноқ сулги чегаралаб туради. Диафрагма остида жигар ва ўт пуфаги, улардан чапроқда ошқозон ва талоқ, пастрокда ингичка ичак жойлашган. Ингичка ичакни ўнг, чап ва юқори томондан йўғон ичак (чамбар ичак) ўраб туради. Қорин бўшлиғи деворини ички томондан юпқа қорин пардаси қоплаб олган. Қорин бўшлиғининг орқа томонида, бел умуртқалрининг 2 ёнида бир жуфт буйрак жойлашган. Умуртқа поғонасига параллел равишда унинг чап томонидан қорин аортаси, ўнг томонидан пастки ковак вена ўтади. Қорин бўшлиғининг пастки қисми чаноқ бўшлигига айланган. Унда қовуқ, тўғри ичак ва ички жинсий аъзолар (аёлларда бачадон, тухумдонлар ва найлар; эркакларда простата бези, уруғдонлар ва уруғ ўтказувчи найлар) жойлашган. Одам қўлининг жуда мураккаб ҳаракатлар қилишга мослаганлиги бўғимларнинг цилиндрсимон, шарсимон, чиғирсимон ҳаракатчан бирикиши ва уларни ҳаракатга келтирадиган мушакларнинг хилма-хил тузилишига боғлиқ.
Эмбрионал ривожланиши. Ота ва она жинсий ҳужайраларнинг қўшилиши, яъни оталанишдан кейин ҳосил бўлган зигота 2 жинснинг белгиларига эга бўлади. Зигота бўлинишга киришиши билан эмбрионал ривожланиш бошланади. Уруғланишдан сўнг б кун ўтгач, муртак бачадон бўшлигига ўтиб, унинг шиллиқ пардасига ўрнашиб олади. Эмбрион пардаси ва бачадон деворидан йўлдош шаклланади. Эмбрион киндик орқали йўлдош билан туташган бўлади. Йўлдош орқали она организми билан эмбрион ўртасида моддалар ва газлар алмашинуви содир бўлиб туради. Одамнинг она қорнида ривожланиши ўртача 280 кун, яъни 9 ойдан кўпроқ давом этиб, бола туғилиши билан тугалланади. Шу даврнинг дастлабки 8 ҳафтаси муртаклик (эмбрион) даври, қолган қисми ҳомила даври дейилади (қ. Ҳомиладорлик). Эмбрионлик даврида муртак пардалари ҳосил бўлади, йўлдош шакллана бошлайди, бўлғувси ҳомиланинг тўқималари ва аъзолари шаклланади; ҳатто улардан айримлари ишлай бошлайди (1-ой охирида эмбрион юраги ишга тушади). Эмбрион бўйи 2 мм га етганида унинг ўқ аъзоси – хордаси ва нерв тизимининг асоси бўлган нерв найи юзага келади. Бир вақтнинг ўзида эмбрион варақлари ҳам шаклланиб, этодермадан нерв тизими, сезги аъзолари, тери эпителийси, оғиз бўшлиғи ва орқа ичак эпителийси; мезодермадан юрак, қон томирлари, скелет, мушаклар, айириш ва жинсий аъзолар; эндодермадан овқат ҳазм қилиш тизими, ҳазм безлари, нафас аъзолари ҳосил бўлади. Ривожланишнинг 5-ҳафтасидан бошлаб қўл ва оёқ,
7- ҳафтада бармоклар шакллана бошлайди,
8- ҳафтада эмбрион ташқи кўринишдан одамга ўхшайди; бу даврда унинг бўйи 4 см, оғирлиги 4-5 г бўлади. 9-ҳафтада эмбрион аъзоларининг шаклланиши тугалланади. Шу даврдан бошлаб эмбрионлик даври тугалланиб, ҳомила даври бошланади. Ҳомила тутилгандай сўнг одам чақалоқлик, гўдаклик, болалик, ўспиринлик, етуклик, қарилик, кексалик даврларини ўтади. Болалик даврининг узоқ давом этиши, жинсий балоғатга етиш даврида бўйига ўсишнинг тезлашуви одам шахсий ривожланишига хос хусусият ҳисобланади. Болалик даврининг одам умрига нисбати 1 : 5 га тенг бўлади. Одамда жинсий диморфизм тананинг умумий ўлчами ва айрим қисмлари пропорциясида (аёлларда чаноқнинг, эркакларда елканинг кенглиги), тана айрим қисмларининг ривожланиши (аёлларда тери ости ёғ қаватининг, эркакларда скелет ва мушакларнинг яхши ривожланганлиги ҳамда мушак толалари ва ёғ ҳужайраларининг йирик бўлишига намоён бўлади.
[addtoany]