Гельминтозоонозлар

Гельминтозоонозлар – табиий шароитда қўзғатувчиси одамларда ва ҳайвонларда паразитлик қилиб яшовчи гельминтоз касалликлар гуруҳи. Гельминтозоонозлар атамаси 1929 й. да рус олимлари К. И. Скрябин ва Р. С. Шульцар томонидан фанга киритилган.

Гельминтозоонозлар икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳга тарихий тараққиёт (филогенез) жараёнида фақат ҳайвонлар организмига мослашган гельминтозоонозлар қўзғатувчилари киради. Одам бу қўзғатувчлар учун факультатив хўжайин бўлиши мумкин. Бу гуруҳга фасциолёз, дикроцелиоз, ценроз, цистицеркоз, дипилидиоз, трихинеллёз ва бошқа(лар) касалликлар мисол бўлади. Биринчи гуруҳ гельминтозларга одам танасига жойлашиб, унинг организмини маълум патологик ўзгаришларга олиб келиб, аммо ўзи жинсий вояга етмайдиган гельминтларни ҳам киритиш мумкин. Масалан, итларнинг унцинариоз касаллиги қўзғатувчисининг личинкаси, сут эмизувчи ва кушларнинг шистосоматит личинкалари одам териси орқали ўтиб, дерматитни пайдо қилади.

Иккинчи гуруҳга қўзғатувчисининг биологик ривожланишида одам иштироки шарт бўлган гельминтозоонозлар киради. Масалан, тениидоз, тениаринхоз кабилар. Тениаринхоз Ўзбекистонда Хоразм, Бухоро, Самарқанд вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ўртасида учрайди (пиёз ва гармдори қўшилган хом қийма гўшти – «ижжан» истеъмол килиниши унинг асосий сабабидир).

Гельминтозоонозлар билан зарарланишда эпизоотологик ва эпидемиологик жараёнларнинг бир неча ҳолатлари фарқ қилинади: а) одам ва ҳайвонлар гельминтлар учун асосий хўжайин ҳисобланади (масалан, описторхоз, шистосомоз, фасциолёз, дифиллоботриоз, дипилидиоз). Бундай ҳолатда одам ва ҳайвонлар бир-бирига касалликни юктирмайди; улар инвазия манбаи бўлиб, бошқа бирор оралиқ ёки қўшимча хўжайин ҳисобланади; б) одам асосий хўжайин, ҳайвонлар – оралиқ хўжайин бўлади (масалан, тениаринхоз ва тениозларда қорамоллар ва чўчқалардан касалликлар одамларга юкади; в) баъзи бир тур ҳайвонлар асосий хўжайин бўлиб, одам оралиқ хўжайин вазифасини ўтайди (масалан, эхинококоз); г) одам ва ҳайвонлар битта тур гельминт учун бир вақтнинг ўзида ҳам асосий хўжайин, ҳам оралиқ хўжайин бўлиши мумкин (масалан, трихинеллёз).

Гўшт маҳсулотларини ветеринария-сантария назоратидан ўтказиш, аҳолининг умумий ва санитария маданияти даражасини ошириш, яйловлар ва ҳайвонлар сув ичадиган жойларнинг касаллик қўзғатувчисининг тухум ва лчинкалари билан ифлосланишига йўл қўймаслик, табиий-географик шароит ва бошқа(лар)ни яхшилаш гельминтозоонозларга қарши кураш ва уларни йўқотишда катта аҳамиятга эга.

[addtoany]