Гемофилия [гемо… ва юн. philia – мойиллик], тўхтамасдан қон оқиши – қон оқишига мойиллик билан ифодаланадиган ирсий касаллик. Қон плазмасида қоннинг ивиши учун зарур бўлган омиллар етишмаслиги сабаб бўлади. Гемофилия, асосан, эркакларда учраса ҳам, ондан ўтади, яъни бувадан набирага соғлом қизи орқали ўтади. Гемофилия белгилари ёшликданок пайдо бўлиб, бола улғайган сари камайиб боради. Бемор лат еганида териси остига, мушаги ичига ва бўғимига кўп қон қўйилади; тилини тишлаб олганида, тишини олдирганида ва бошқа(лар) ҳолларда ҳам жуда кўп қон оқиб, ҳаёти хавф остида қолади. Йирик бўғимлар (тизза, болдир-панжа бўғими)га қон қўйилиб, уларда кучли ўзгаришлар содир бўлади. Қон ивишининг бузилиши гемофилияни бошқа хил қон оқишлардан ажратиб турадиган асосий белгидир: беморнинг венасидан қон олиб пробиркага солиб қўйилса, соатлаб ивимайди. Бунга бемор қонида оқсил модда, яъни антигемофиль глобулин етишмаслиги сабаб бўлади. Гемофилиянинг A, В ёки Кристмас касаллиги ва С (ҳақиқий гемофилия деб ҳисобланмайди) хиллари бор. Бемор ўзини ҳар хил шикастлардан эҳтиёт қилиши керак.
Давоси: янги олинган қон ёки плазма қўйилади; Беморга тўғридан-тўғри донордан қон куйиш, соғлом одам плазмасидан тайёрланган концентратларни қўллаш яхши наф беради. Зарур ҳолларда жарроҳлик усули қўлланилади.