Қон – одам ва умуртқали ҳайвонларнинг қон айланиш тизимида айланиб юрадиган суюқ тўқима; ҳужайра ва тўқималарга етиб бориб, уларнинг ҳаёт фаолиятини ҳамда физиологик функцияларининг бажарилишини таъминлайди. Эритроцитларнинг таркибидаги гемоглобин
Қонга қизил ранг беради. Қоннинг таркиби, осмтик босими ва актив реакцияси (рН) деярли ўзгармайди. Қон организмда хилма-хил вазифаларни бажаради: у ҳужайраларга кислород етказиб беради ва карбонат ангидрид газини олиб кетади (нафас фаолияти); овқат ҳазм қилиш аъзоларидан озиқ моддаларни бутун организмга тарқатади (озиқ моддаларни ташиш фаолияти); моддалар алмашинуви маҳсулотини чиқариш аъзоларига (буйракка) олиб боради. Қон аъзоларнинг гуморал алоқасини юзага чиқаради, у газ алмашинуви, нафас, сув-туз алмашинуви, кислота-ишқор мувозанатида иштирок этади. Қонда антитоксинлар, лизинлар ва антителолар борлиги, шунингдек, лейкоцитлар Микроорганизмлар ва ёт жисмларни қамраб ютиш хусусиятига эга бўлганлиги туфайли Қ. организмни зарарли моддалар ва ёт жисмлардан ҳимоя қилади. У тана ҳароратини доим бир маромда сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Одамларда 5,2 л ча Қ. бўлади. Қон суюқ қисм – плазма (55-60 %) ва шаклли элементлар (40-45 %)дан ташкил топган. Қоннинг шаклли элементлари Қ. яратиш аъзоларида ишланади; Қ. ва қон яратиш аъзолари – Қ. яратиш тизимини ташкил этади.
Қон махсус механизмлар орқали бошқарилади, шу боис соғлом одам қонининг таркиби ўзгармайди. Организмдаги ҳар қандай ўзгаришларга нисбатан Қ. жавоб реакцияси қайтаради, яъни ўз таркибини ўзгартиради. Айрим касалликларни, хусусан, Қ. тизими касалликларини аниқлашда Қ. таркибининг ўзгариши муҳим аҳамиятга эга.
Қон плазмаси витаминлар, ферментлар, тузлар ва моддалар алмашинувининг охирги маҳсулотларини сақлайди. Плазмаси эриган оқсиллар, жигар ҳужайралари ва ретикулоэдотелиал тизим ҳосил бўлади. Плазма оқсиллари транспорт вазифасини бажаради, кислта-ишқор мувозанатини тартибга солиб туради.
Қоннинг шаклли элементлари, асосан, эритроцитлар, лейкоцитлар ва тромбоцитладан иборат.
Қон таркибидаги карбонсувларга глюкоза ва унинг алмашинув маҳсулотлари киради. Қонда 80-100 мг % гача глюкоза, шунингдек, гликоген, фруктоза ва оз миқдорда глюкозамин бўлади. Карбонсувлар ва оқсилларнинг алмашинув маҳсулотлари (глюкоза ва бошқа(лар) моносахаридлар, кислоталар, тузлар ва сув) ичак капиллярлардан оқаётган Қ. га сўрилади. Глюкозанинг бир қисми аъзо ва тўқималарга тарқалади, бошқа қисми эса жигарда гликогенга айланади.
Қон даги липидлар аралашмаси нейтрал ёғлар, эркин ёғ кислоталари ва уларнинг парчаланиш маҳсулотларидан, эркин ва боғланган холестериндан, шунингдек, стероид гормонлридан иборат. Нейтрал ёғлар, глицерин, ёғ кислоталари ичак шиллиқ қаватидан Қ. га қисман сўрилади. Қон ёғ эмульсиясини ёғ тўқималарига етказади ва у ерда захира ҳолда сақланади. Қон таркибида минерал моддалар (асосан, натрий ва хлор) ҳам бор. Организмнинг турли патологик ҳолатларида (касалликларида) Қ. да қатор ўзгаришлар рўй беради, бу муҳим диагностик аҳамиятга эга. Қоннинг тузилиши, фаолиятлари, касалликлари ва у билан боғлиқ бошқа масалаларни гематология фани ўрганади.
[addtoany]