Гемоглобин

Гемоглобин [гемо… ва лот. globus – ер, курра] – одам, умуртқали ва баъзи умуртқасиз ҳайвонлар қонида бўладиган нафас пигменти, мураккаб оқсил. Қонга қизил тус беради, нафас аъзоларидан тўқималарга кислород ва тўқимлардан нафас аъзоларига карбонат ангидрид олиб ўтади. Оқсилли қисм – глобин ва темир порфирин – гемдан иборат. Гемоглобин кислород билан қўшилиб, беқарор бирикма ҳосил қилади. Кислороднинг парциал босими бирмунча юқори бўладиган ўпка капиллярларида гемоглобин кислородга бойийди, тўқима капиллярларида эса кислородни ҳужайра ва тўқималарга беради. Турли организмда Г. нинг тузилиши турлича. Соғлом одамнинг 100 г қонида 13-16 % миқдорда бор. Аёллар қонидаги Г. миқдори эркаклардагидан кам бўлади. Бу модданинг миқдори махсус асбоб – гемометр билан аниқланади. Гемоглобин миқдорини аниқлаш муҳим диагностик аҳамиятга эга. Қон касалликларининг аксарияти (анемия) Г. таркибининг бузилиши билан боғлик.

[addtoany]