Герпес [herpes; лот. herpo – ўрмалаб юрмоқ] – вируслар қўзғатадиган касаллик, бунда баданнинг турли қисмида тери қизариб, гуғуж майда пуфакчалар ҳосил бўлади. Касаллик манбаи бемор ёки вирус ташувчи ҳисобланиб, соғлом кишига улар билан мулоқотда бўлганда юкади. Совқотиш, шамоллаш, интоксикация, инфекцион касалликлар (грипп, зотилжам ва бошқа(лар)) оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Оддий ва ўраб олувчи герпес фарқ қилинади. Оддий герпес билан бир ёшгача бўлган болалар деярли оғримайди (онадан ўтган иммунитет ҳисобига); кейинчалик иммунитет кучи сусайиб, қулай шароит туғилса, касаллик рўй бериши мумкин (яна к. Учуқ). Ўраб олувчи ёки белбоғсимон герпес (herpes zoster)HH фильтрланувчи нейротроп вирус кўзғатади (varicella zoster); у ўзининг жуда кўп хусусиятлари билан сувчечак вирусига ўхшаб кетади, шу боис адабиётларда касалликнинг бу хилини сувчечак вируси кўзғатади дейилади. Касалликнинг инкубацион даври 7-8 кун, мустақил ёки бирор бошқа касаллик (зотилжам, плеврит ва бошқа(лар)) асорати сифатида намоён бўлиши мумкин. Герпеснинг бу тури фақат катта ёшли кишиларда учрайди. Бунда баданнинг муайян нерви ёки нерв тармоқлари бўйлаб гиперемиланган соҳага, аксарият тананинг бир томонига пуфакчалар тошади. Тошмалар тошишидан олдин беморнинг кўнгли беҳузур бўлиб, боши оғрийди, бирор нерв пояси бўйлаб тутиб-тутиб турадиган оғриқ ҳамда худди шу жойларнинг ачишиб туриши кузатилади. Пуфакчалар пўсти қаттиқ, ичи тиниқ суюқликка тўла бўлади, бора-бора суюқлик лойкалана бошлайди. Пуфакчалар бир-бирига қўшилиб, қатор жойлашади, улар атрофи қизариб туради. Пуфакчалар кўз, қулоқ, ковурғалараро нервлар, шунингдек, бўйин, бел нервлари ва нерв тармоқлари бўйлаб тошади. Герпес тошган соҳа қаттиқ тортишиб оғрийди, пуфакчалар ёрилиб қўнғир қора қўтир пўстлар ҳосил бўлади. 2-3 ҳафтада касаллик аломатлари йўқолиб, бемор тузалади, баъзан пуфакчалар даврий равишда янгидан тошиб туриши мумкин. Тошмалар йўқолиб кетгач, шу жойларда мушаклар парези ва невралгия сезилади. Пуфакчалар ўрнида иккиламчи гиперпиментли доғлар, оғир шаклларида эса чандикли ёки атрофият ўзгаришлар қолади. Касаллик енгил кечганда ўз-ўзидан тузалиб кетиши ҳам мумкин. Ўраб олувчи герпес оғирроқ кечганида бемор иложи борича ўринда ётиб шифокор назорати остида даволаниши лозим. Беморнинг ёшига қараб аутогемотерапия, гаммаглобулин, антибиотиклар, витаминлар, физиотерапия (ультратовуш, диатермия ва ҳ. к.) ва маҳаллий муолажалар (малҳамлар) буюрилади. Герпеснинг олдини олиш учун организмни чиниктириш, мавсумга қараб кийиниш (совқотмаслик ёки жуда исиб кетмаслик), шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш керак.
[addtoany]