Касаллик

Касаллик, бетоблик, хасталик-организмга ташқи ёки ички муҳитнинг зарарли омиллари таъсир этганда рўй берадиган патологик жараён. Касаллик ҳақидаги тушунча тиббиёт тарихида ўзгариб борди. Хасталик нинг пайдо бўлишида ташқи муҳит омиллари етакчи роль ўйнайди, чунки улар организмга бевосита таъсир этиш билан бирга унинг ички хусусиятларини ҳам ўгартира олади, бу ўзгаришлар наслдан-наслга ўтиб, унда касалликни юзага келтириши мумкин. Дард, кўпинча, ҳаддан ташқари кучли таъсиротлар, турли микроорганизмлар, заҳарлар таъсирида вужудга келади. Бунда организмнинг ташқи муҳитга мослашуви сусайиб, унинг муҳит билан ўзаро мувозанати бузилади. Организмнинг ривожланиш нуқсонлари ёки ирсий камчиликлар ҳам касалликка сабаб бўлиш мумкин. Масалан, муайян касалликлар, хусусан, аллергик касалликларга баъзан туғилишдан мойиллик бўлади (қ. Аллергия). Хасталик пайдо қиладиган агент организмга таъсир этиб, уни зарарлантиради, айни чоғда, бу агент организмнинг ҳимоя чоралари ва мосланиш реакциялари сафарбар бўлишига олиб келади. Демак, касаллик, одатда, бир-бирига алоқадор икки жараённинг – зарарланиш ва унга қарши ҳимояланиш жараёнининг бирга келиши билан ифодаланади.

Ҳар бир дард умуман бутун организм ҳаёт фаолиятининг бузилишига олиб келади, лекин кўпгина касаллик ларда дарднинг бадандаги ўрни, шунингдек, маълум бир аъзо ёки тизимнинг кўпроқ зарарланганини кўрсатадиган белгилар аниқ кўриниб туради. Масалан, меъдада яра борлиги бутун организмнинг умумий касаллиги – яра касаллигини маҳаллий белгиси бўлиши мумкин, яра касаллиги, кўпинча, нерв тизими фаолиятининг жисмоний ёки ақлий ишда ҳаддан ташқари зўриқиши, нохуш ҳодисаларни бошдан кечириш туфайли бузилишидан келиб чиқади. Аксинча, фақат маълум бир жойни шикастлайдиган ҳар қандай таъсирот, албатта, қандай бўлмасин умумий ҳодисаларга сабаб бўлади. Масалан, баданнинг бирор жойига чипқон чиқса, одам иситмалаб, ланж бўлиб юриши, иштаҳаси йўқолиши маълум ва ҳ. к.

Касалликнинг пайдо бўлиш сабаблари жуда хима-хил. У битта омилнинг таъсиридан ёки бир қанча шароитларнинг бирга қўшилишидан келиб чиқиши мумкин. Масалан, инфекцион ва паразитар хасталиклар организмга маълум бир турдаги Микроорганизмлар ва паразитлар таъсиридан, бошқалари эса бир қанча сабабларнинг биргалашиб таъсир этишидан келиб чиқади (меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши – гастрит, одатда, тартибсиз овқатланиш, кундалик ржимга риоя қилмаслик, чекиш, ичкилик ичиш, шунингдек, бошқа аъзоларнинг ҳасталиклари оқибатида пайдо бўлади). Касалликни аниқлашда унинг вужудга келиш сабаблари (этиологияси), касаллик жараёнининг ривожланиш механизми (патогенези), клиник кўриниши (белгилари ёки симптомлари) ва ҳ. к. ларга алоҳида аҳамият бериш талаб этилади. Касалликнинг содир бўлиши ва ўтишида организмнинг ҳимоя кучлари ва мосланиш имкониятлари ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Бетобликнинг ўткир, ўртача ўткир ва срункали хиллари бўлади. Касалликнинг ўтишида 4 босқич ёки давр: яширин (латент), Продромал (дастлабки), авж олиш ва тузалиш даври тафовут қилинади. Бирок, кўпгина касаллик ларнинг авж олиши ва ўтишида бундай даврларни рўйи рост ажратиб бўлмайди.

Ҳасталик нинг яширин даври (инфекцион касаллик ларда бу давр инкубацион давр деб аталади) зарарловчи агент таъсир этгандан бошлаб то дарднинг дастлабки белгилари пайдо бўлгунча давом этади; бу давр бир неча лаҳзадан (шкастланишда) бир неча йилгача бўлиши мумкин.

Продромал давр касалликнинг илк белгилари пайдо бўлгандан бошлаб то у рўйи рост авж олгунча ўтадиган вақтни ўз ичига олади. Бу даврда, одатда, талайгина касаллик ларга хос бўлган бош оғриғи, қалтираш, иситмалаш, ланж бўлиш ва бошқа(лар) бошланади. Хуллас, бу даврда одамнинг дардга чалингани аниқ бўлади-ю, лекин қандай касаллик билан оғриганлигини билиб бўлмайди. Ҳасталикка аниқ ташхис қўйиш учун характерли бўлган белгилар, кўпинча, бу даврнинг охирида, касаллик расмана авж олган пайтда кўзга ташланади, лекин айрим ҳолларда булар нотайин бўлади (Касалликнинг билинмайдиган шакли) ёки унча авжига чиқмасдан йўқолиб кетади (Касалликнинг абортив шакли). Бирок, касаллик жуда типик бўлиб ўтаётган ҳолларда ҳам бирор асорат ёки бошқа бир дард қўшилиб қолишидан у бошқача тус олади. Ҳасталикнинг тугаши, яъни охирги тузалиш даври бирдан бошланиши ёки аста-секин ўтиши мумкин. Айни вақтда, одам бутунлай соғайиб кетади ёки бирор аъзосида касалликдан анчагача йўқомайдиган асорат қолади; баъзан касаллик бутунлай йўқолмасдан, вақт-вақти билан қўзиб турадиган сурункали хилга айланади. Касалликнинг асорат қолдирмай, эсон-омон ўтиб кетиши, кўпинча, унга қарши ўз вақтида даво қилиш ҳамда шифоконинг ҳамма буюрганларини бекаму кўст бажаришга боғлиқ.

Шу боис одам ўзини андек носоғ сезганида дарҳол шифокорга бориши керак. Замонавий тиббиёт бемор аҳволига жуда жиддий қараб, уни комплекс тарзда текширади; К. нинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитлари, авж олиб бориш механизмлари, қандай белгилар билан ўтиши, организмнинг К. ка қарши қандай курашиши, ҳимоя ва мослашув реакцияларининг қонуниятларини ўрганади; олинган натижаларга қараб, Ҳасталикни аниқлаш, даволаш ва унинг олдини олиш усулларини ишлаб чиқади. Ҳар бир беморга индивидуал, яъни касаллигининг хили, организмнинг ҳолати ва бошқа(лар) кўпгина хусусиятларга қараб даво қилинади.

Загрузка...