Гиперемия [гипер… ва юн. haima – қон], қизариш – гавданинг маълум қисмидаги артерия ёки вена томирларининг қонга тўлиши. Томир кенгайтирадиган нервларнинг таъсиланиши ва томир торайтирадиган нервлар фаолиятининг сусайиши натижасида нерв тизими фаолиятининг бузилиши артериал гиперемияга олиб келади. Бунда зарарланган жойга кўп қон оқиб келганлиги учун у қизаради, шу жойда ҳарорат кўтарилади, ҳажми катталашади. Киши уялганида ёки ғазабланганида ҳам шундай ҳолат кузатилади. Юрак фаолияти бузилиши, веналар тикилиб қолиши, Томирлар иннервациси бузилиши натижасида пайдо бўлган веноз гиперемияда зарарланган жой кўкариб кетади (цианоз), гоҳида шишади. Баъзан даволаш мақсадида компресс, грелка ва бошқа(лар) қўйилганда ҳам гиперемия рўй бериши мумкин.
[addtoany]