Гипертония касаллиги

Гипертония касаллиги, бирламчи (эссенциал) артериал гипертония, идиопатик артериал гипертония одамларда кўп учрайдиган (75 % гача) артериал қон босимининг ошиши. Сабаблари: турли ўткир ёки сурункали руҳий (эмоционал) изтроблар, ирсий ёки касбий омиллар, овқатланиш тартибига риоя қилмаслик ва бошқа(лар)

Гипертония касаллиги клиник кечишига қараб икки хил бўлади: 1) сокин, узоқ муддат давом этадиган ва 2) шиддатли, тез ривожланадиган ва қисқа вақт ичида бош мия, буйрак етишмовчилиги ҳамда кўришнинг кескин пасайишига олиб келадиган шакл.

Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти томонидан 1978 й. да қабул қилинган гипертония касаллигининг таснифи қуйидаги босқичлардан иборат:

I босқич қон босими ошишининг кўрсаткичи 140/90 мм симоб устунидан юқори бўлиб (масалан, 150-180/90-105) марказий нерв тизими, юрак-томир ва буйрак тизимининг зарарланиши белгиларисиз кечади, узоқ муддат давом этмайди ва бемор изтиробдан кутилгандай сўнг ҳамда қон босимини туширувчи, тинчлантирувчи дорилар ичилгандан ва организмга маълум муддат дам берилгандай кейин унинг аҳволи яхшиланади ва артериал босим кўрсаткичлари тез орада мўътадиллашади.

II босқичда артериал босимнинг ситолик кўрсаткичи 160-179 мм симоб устунига, диастолик кўрсаткич эса 100-109 мм симоб устунига тенг бўлиши ва ундан ҳам юқорига кўтарилиши мумкин. Бу босқичда патологик ўзгариш, асосан, Юракнинг чап қоринчаси гипертрофияси билан белгиланади, шунингдек, тўр парда томирларининг ёйилган ёки фокал торайиши, микроальбуминурия, яъни сийдикда оқсил моддаси ва қон плазмасида кератинин концентрациясининг қисман ошиши (1,2-2,0 мг/дл) кузатилади. Ультратовуш текшируви ёки ангиография (сон артерияларида, аортада, ёнбош ва сон артерияларида ўтказилган) орқали атеросклеротик ўзгаришлар (пилакчалар)ни аниқлаш мумкин. Клиник шикоятлари тез-тез бош оғриши, бош айланиши (гипертоник қизлар), юрак соҳасида оғриқ, нохушликлардан иборат.

III босқичда беморларда қон босими кўрсаткичлари янада юқори (систолик – 180— 209 мм, диастолик 110-119 мм симоб устунига тенг ва ундан ҳам юқори) ва доимий бўлади. Бу босқичнинг клиник манзараси ранг-баранг бўлиб, нафақат юрак-томир тизимида (стенкардия, миокард инфаркти), балки бош мия қон томирларида ҳам патологик ўзгаришлар (геморрагик инсульт, энцефалопатия), буйрак етишмовчилиги (нефроангиосклероз) ҳамда кўз тўр пардасига қон қўйилиши кузатилади. Бундай оғир асоратлар содир бўлган пайтларда қон босими кўрсаткичлари пасайиши, ҳатто меъёрлашиши ҳам мумкин.

Гипертония касаллигига тўғри ташхис қўйиш беморда иккиламчи артериал гипертензия сабабларини бартараф этишга боғлиқ. Гипертония касаллигини даволаш мураккаб ва узоқ, давом этадиган жараён бўлиб, бемодан врач кўрсатмаларини қатъий бажаришни талаб этади. Аввало, бемор ўзининг ҳаёт фаолияти, овқатланиш, ишлаш ва дам олиш тартибларини ўзгартириши, масалан, спиртли ичимлик ичиш ва чекишдан воз кечиши, шўр, ётлик овқатларни кам истеъмол қилиши, семиришга йўл кўймаслиги, кам суюқлик ичиши, енгил жисмоний машқлар қилиши: бироз юриши, секин югуриши (пульс ўлчаб тузилади), велотренажёрдан фойдаланиши, дам олиш кунларини унумли ўтказиши (шаҳардан четга чиқиш, тоза ҳаводан нафас олиш, тиниқиб ухлаш), ауттренинг билан шуғулланиш, турли асабий-руҳий ҳис-ҳаяжонлардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, психотерапия, гпербарик оксигенация, электр уйқу, акупунктура ва массаж усулларидан фойдаланиш лозим.

Дори-дармонлар билан даво ланиш оилавий шифокор ёки кардиологнинг кўрсатмаси асосида олиб борилади. Ҳоз. қон босимини тширадиган препаратларнинг турлари ва сон-саноғи жуда кўп. Даволовчи шифокор гипертония касаллигининг босқичини ҳисобга олиб, бир ёки бир неча гипотензив препаратларни бемор мизожини эътиборга олган ҳолда маълум муддатга тавсия этади ва даво натижасини мунтазам назорат қилиб боради.

[addtoany]