Дори – касалликларни даволаш ёки олдини олиш учун ишлатиладиган модда. Ҳар қандай дорини одамларга қўллашдан олдин ҳайвонларда синаб кўрилади ва клиникаларда кузатилади. Дорилар кимё-фармацевтика заводларида синтетик моддалардан, ўсимлик, ҳайвон ёки микробиологик маҳсулотлардан, тез бузиладиган айрим дорилар эса дорихоналарда тайёрланади. Улар турли хилда, масалан, суюқ (қайнатма, тиндирма, эритма, суспензия), юмшоқ (суртма, линимент, крем, паста), қаттиқ (сочма, таблетка, драже, гранула ва бошқалар) ҳамда алоҳида инъекция мақсадлари учун ампула ҳолида чиқарилади.
Таъсирига кўра, юрак дорилари, сурги, сийдик ҳайдайдиган, оғриқ қолдирадиган, иссиқ туширадиган, наркотик, уйқу келтирадиган ва бошқа турлари бўлади. Бевосита касалликнинг кўзғтувчисига таъсир қиладиган дорилар алоҳида гуруҳни ташкил этади, буларга безгак, захм, салга қарши ва бошқалар киради. Улар кимёвий терапевтик воситалар деб аталади. Уларнинг шифобахш таъсири беморнинг ёши, аҳволи ва дозага боғлиқ. Катта доза организмни заҳарлши, кам доза эса касаллик кўзғатувчисини ўша дорига чидамли қилиб кўйиши мумкин. Шу боис Д. ни фақат шифокор буюрган дозада қабул қилиш керак.
Дорилар сиртга ишлатилади, ичирилади, нафас йўли орқали юборилади ва инъекция қилинади. Уларнинг кучи, таъсири организмга қай йўл билан ва қанчалик тез киритилишига боғлиқ. Баъзилари такрор юборилганда организмда тўпланиб таъсир этади (қ. Кумуляция). Уларни кўр-кўрона қабул қилиш ярамайди, чунки кўп касалликлар белгиси бир-бирига ўхшайди, унинг учун кераксиз Д. ларни қабул қилиш соғлиққа зарар етказади. Организмга кирган Д. лар қисман парчаланади ва ўзгаради, кейин буйрак, ҳазм ва нафас йўллари, тер ва бошқа(лар) орқали чиқиб кетади.
Дорилар уйда болаларнинг бўйи етмайдиган жойда сақланиши керак. Ҳар бир Д. ни яроқлилик муддати ёрлиғида қайд қилинади, белгиланган муддатдан узоқ сақланганда таъсирини йўқотади. Кейинги йилларда хориждан келтирилган Д. лар хили бир қадар ортди, шу боис уни фақат шифокор маслаҳати билан қабул қилиш зарур.