Гипоталамус

Гипоталамус [гипо… ва юн. thalamos – хона], гипоталамик соҳа – миядаги кўрув бўртиғининг остки қисми; унда вегетатив нерв тизимининг марказлари жойлашган; гипофиз билан узвий боғланган. Гипоталамусда нерв ҳужайраларининг 30 жуфтдан ортиқ тўпламлари – ядролари бор. Шу нерв ҳужайралари вазпрессин ва окситоцин деган ҳамда гипофиздан чиқадиган нейрогормонларни, шунингдек, гипофиз таъсирида гормонларнинг ажралишини кучайтирувчи ёки сусайтирувчи рилзинг-омилларни ҳосил қилади. Улар гипофизга таъсир кўрсатади ва уни турли хил мураккаб гормонлар ажратишга мажбур этади. Гипоталамус ҳ-ранинг салгина ўзгаришини, организмдаги қанд, туз, сув, гормонлар ва бошқа(лар) моддалар миқдорининг андак бўлса-да, ўзгаришини сезадиган рецепторлар билан таъминланган. Гипоталамус моддалар алмашинувини, юрак-томир, овқат ҳазм қилиш, ажратиш тизимлари ва ички секреция безлари фаолиятини, уйқу, сергаклик, ҳаяжонланиш механизмларини бошқаради. Нерв ва эндокрин тизимлар ўртасида алоқа боғлайди.

[addtoany]