Нерв

Нерв, нервлар [юн. neuron – тола, ип], асаб – мураккаб анатомик тузилма. Бош мия, орқа мия ва нерв тугунларини тананинг бошқа аъзо ва тўқималари билан боғлайди; асосан, нерв толалари тутамидан иборат. Бу толалар бириктирувчи тўқималар пардаси билан қопланган. Одам ва умуртқали ҳайвонларда бош миядан бош мия нервлари, орқа миядан эса орқа мия нервлари чиқади. Бир нечта нервлар нерв чигални ҳосил қилиши мумкин. Марказга интилувчи ёки сезувчи ва марказдан қочувчи ёки ҳаракаланувчи нерв толалар фарқ қилинади. Марказга интилувчи толалар орқали мияга импульслар йўналади, марказдан қочувчи толалар эса скелет мушакларига импульслар ўтказади; ички аъзоларга вегетатив (симпатик ва парасимптик) толалар келади. Маълум соҳаларда сезувчи нерв толалари юзага (тери ости ва шиллиқ пардаларга) чиқади. Нерв толаларининг чиқиш жойини аниқ билиш игна санчиб даволашда муҳим аҳамиятга эга. Нервлар зарарланганда сезувчанлик бузилади ёки оғриқ пайдо бўлади, шикастланган Н. толалари борадиган мушаклар фалажланади. Тўқималарда моддалар алмашинувини бошқариб турадиган трофик импульслар Н. орқали ўтади. Шу сабабдан Н. шикастланганда ёки касалланганда терида яра пайдо бўлади, бўғимлар деформацияланади.

[addtoany]