Гипотрофия [гипо… ва юн. trophe – овқат, озиқ] – болалар овқатланишининг сурункасга бузилиши натижасида уларнинг аста-секин озиб кетиши. Гипотрофия, асосан, ёш болалар (гўдаклар) да учрайди, онанинг турли касалликлари оқибатида ҳомилада ҳам пайдо бўлиши мумкин. Она сўта кам бўлиб, боланинг оч қолиши, нотўғри эмизиш, кам ва бир хил овқатлар, шунингдек, анчагача сут аралашмалари билан овқатлантириш, болани нотўғри парвариш қилиш, чала туғилиш, тоза ҳавода кам бўлиш, меъда-ичак йўлининг ирсий ёки орттирилган касалликлари, бот-бот шамоллаш гипотрофияга сабаб бўлади. Бола организмига етарли овқат тушмаслиги боис у ўзининг захира оқсиллари, ёғлари, карбонсувлари ва бошқа(лар)ни сарфлай бошлайди, натижада организм жуда очиқиб, ҳолсизланиб қолади. Суяк тизимининг шаклланиши, моддалар алмашинуви, турли аъзолар ва нерв тизимининг фаолияти бузилади, бола организмининг турли касалликларга қаршилиги сусаяди. Гипотрофияда боланинг вазни камаяди, ўсиши ва ривожланиши секинлашади, териси буршиб оқаради, юмшайди, қуруқ бўлиб қолади, дардга тез чалинади. Гипотрофияни фақат шифокор даволайди. Болани иложи борича кўкрак сўта билан боқиш ва у эмган сут миқдорини назорат қилиб бориш, бола боқиш тартибларига амал қилиш ва ўз вақтида кўшимча овқатлар бериш, иложи борича болани очиқ ҳаводан баҳраманд этиш, касалликларни ўз вақтида даволатиш зарур.
[addtoany]