Суяк

Суяк – одам ва умуртқали ҳайвонлар скелетининг асосий қисми. Суяк тўқимаси бириктирувчи тўқиманинг бир хили. Суяк бўғимлар, бойламлар, мушаклар ва ўзига бириккан пайкар билан бирга таянч-ҳаракат аппаратини ҳосил қилади. Суяк ҳужайралар (остеоцитлар, остекластлар) ва ҳужайралар оралиғи минерал модалардан таркиб топган. Остеоцитлар ҳужайралар оралиғи моддаси билан ўралган; ўсимталар ёрдамида ўзаро туташган; суяк тўқимасида моддалар (оқсил, сув, ион) алмашинувини, остеоластлар эса суяклар ҳосил бўлишини, уларнинг сўрилиш (резорбция) жараёнини таъминлайди. Остеобластлар ва остеокластларнинг биргаликда таъсири суякнинг ўсиши ва функционал зўриқиши ўзгаришининг асосини ташкил этади. Ҳужайралараро модда коллаген (оссеин) толалар ва асосий моддадан иборат, бу моддалар С. нинг пишиқ ва мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Суяк тўқимаси коллагени ўзига хос полипептидларнинг кўплиги билан тоғайдан фарқ қилади. Асосий модда гликопротеидлар ва протеогликанлардан ташкил топган. Минерал компоненти апатит, сульфат ва кальций карбонат кристалларидан иборат. Суяк эмбрионал ривожланиш даврида бириктирувчи тўқима – мезенхимадан ҳосил бўлади. Бирламчи С. ички тоғай скелетнинг суякланишидан (елка, сон ва бошқа(лар)), иккиламчи С. тери ости тангачаларидан (пешона, тепа ва бошқа(лар) С.) вужудга келади.

Суяк тузилиши ва шаклига кўра узун, яъни найсимон (сон, болдир ва бошқа(лар)), ясси, яъни сербар (тўш ва бошқа(лар)) ва калта (умуртқалар ва бошқа(лар)) бўлади. Найсимон С. ларнинг ўрта қисми (диафиз) ва икки учи (эпифиз) бор. Диафиз зич моддадан, эпифиз ва ясси ҳамда калта С. лар танаси ғовак моддадан иборат. Диафиз бўшлиғида ва эпифиз ғовак моддаси оралиғида илик бўлади. Суяк сирти бириктирувчи тўқимадан ташкил топган суяк усти пардаси – периост, ички илик бўшлиғи томондан худди шунга ўхшаш эндост билан қопланган. Диафиз 4-15 мкм қалинликдги пластинкалардан иборат бўлиб, улар орқали қон томирлари ва нервлар ўтади.

Суяк – кальций ва фосфор депоси ҳисобланади. Паратгормон ва кальциотонин гармонлари қон плазмасида кальций миқдорини ва остекластларнинг сўрилиш фаоллигини бошқариб туради. Суяк тўқимаси жуда фаол регенерация хусусиятига эга бўлиб, организмда тўхтовсиз янгиланиб туради. Шу сабабдан С. нинг механик хоссалари ҳам организмга тушадиган юкка мос равишда ўзгариб боради. Одам скелети С. таркиби умр давомида янгиланиб туради (яна қ. Суяк синиши, Суяк чиқиши, Скелет).

[addtoany]