Гистология [гисто… ва ..логия] – одам ва ҳайвонлар организмининг тўқималари ҳақидаги фан. «Гистология» атамасини биринчи бўлиб немис олими К. Майер таклиф этган. Гистология тўқима ва аъзоларнинг эволюцияси, ривожланиши, микроскопик ва ўта нозик тузилиши, кимёвий таркиби, вазифаси (гистофизиология), шунингдек, уларнинг тузилиши билан фаолияти ўртасидаги боғланишни ўрганади.
Гистология одам ва ҳайвонлар анатомияси, физиология, патологик анатомия, патологик физиология, биокимё, эмбриология ва бир қанча клиник фанлар билан чамбарчас боғланган. Фаннинг асосий бўлимлари: ҳужайралар ҳақидаги фан – ЦИТОЛОГИЯ; тўқималар ҳақидаги фан – умумий гистология; аъзоларнинг микроскопик тузилиши ҳақидаги фан – хусусий Г. Замонавий гистология мақсадлари ва текшириш усулларига қараб бир неча тармоққа бўлинади: ҳужайра, тўқима ва аъзолар ҳамда улардаги айрим структуралар (масалан, коллаген, эластик толалар), ҳужайра органоидлари (митохондриялар, эндоплазматик тўр, Гольжи комплекси, лизосомалар ва ҳ. к.) нинг функцияси ҳақидаги таълимот – гистофизиология, ҳужайра ва тўқималар ривожланишининг турли босқичларида ҳамда ҳаёт фаолияти даврида рўй берадиган биокимёвий жараёнларни ўрганадиган цитокимё ва гистокимё, ҳужайра ва тўқималарнинг энг нозик (субмикроскопик) тузилиши ҳақидаги таълимот – электрон микроскопия шулар жумласидандир. Бундан ташқари, меъёрий тўқима ва аъзоларнинг микроскопик тузилишини ўрганадиган тасвирий гистология, тажриба (эксперимент) вақтида ҳайвон тўқималарида рўй берадиган морфологик ўзгаришларни теширадиган экспериментал гистология, патологик ҳолатдаги тўқима ва аъзоларнинг морфологик ўзгаришларини ўрганадиган патогистология ҳам бор. Бу фаннинг шаклланиши микроскоп такомили билан узвий боғланган. Биринчи энг оддий микроскопни голланд олими Гене Янсен ва ўғли Захариас 1591 й. кашф этган.
17-18-а. ларда гистологияга оид маълумотлар қисман анатомияга, қисман физиологияга айрим боб бўлиб кирди. Гистология 19-а. дагина мустақил фан бўлиб майдонга келди. 19-а. нинг 30-й. ларида немис биологи Т. Шванн гистология фанида эришилган ютуқлар ҳамда ўзи ясаган ахроматик микрскопдан фойдаланиб, ҳайвон ва ўсимликлар ҳужайралардан тузилган ва ҳужайралардан ривожланади деган назария (ҳужайра назариясини асослади. Шундан кейин гистология тез ривожлана бошлади. Тўқималарни организмдан ташқарида ундириш, айрим тўқималарда жарроҳлик операциялари ўтказиш усулларини жорий қилиш туфайли фаннинг тадқиқот қамрови бойиди. Цитофотометрия, радиоавтография, ультрабинафша нурлар билан ўтказиладиган микроскопия, интерференцион микроскопия, дифференциал центрифугалаш, электрон микроскопик гистокимё ва бошқа(лар) замонавий усулларнинг қўлланилиши текширилаётган бирикмаларнинг жойлашувинигина эмас, балки уларнинг миқдорини организмнинг нормал ҳаёт фаолияти жараёнида ва патологик жараёнларнинг тараққий этишини ўрганишга имкон берди. Гистология юксак назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган фанлар қаторига киради. Сўнгги вақтда электрон микроскоп ёрдамида тўқима, ҳужайраларнинг ўта нозик тузилишини ўрганиш усули кенг ривож топди. Тошкент тиббиёт академияси олимлари (Ўзбекистон ФА нинг акад. К. Л. Зуфаров, проф. лар В. М. Гонмахер, А. И. Иўлдошев ва бошқа(лар)) самарали илмий изланишлар олиб бориб, 1987 й. да муҳим илмий кашфиёт қилдилар. Улар дунёда биринчи марта гўдак болаларда ичак орқали сўралган экзоген оқсил моддалар буйракда парчаланишини ва қайта сўрилишини исботлаб, педиатрия, диетология, нефрология фанларининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшдилар.
Гистология тиббиёт, чорвачилик ва ветеринарининг долзарб муаммолари билан узвий боғланган ҳолда ривожланмоқда.
[addtoany]