Гиёҳвандлик воситалари

Гиёҳвандлик воситалари – махсус рўйхатга киритилган ва давлат томонидан назоратга олинган, гиёҳвандликни келтириб чиқарувчи синтетик восита (препарат)лар ва ўсимликлар. Гиёҳвандлик воситалари рўйхати БМТнинг 1988 й. ги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш тўғрисида»ги ковенциясида, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг қарорига (1995 й. 1 апр.) 1-сонли иловада берилган. Бу моддалар сирасига марихуана, наша, каннабис смоласи, наша мойи, қорадори, морфий, героин, кодеин, эфедрон, кокаин ва бошқа(лар) киради. Гиёҳвандлик воситаларидан тиббий мақсадларда фойдаланилганда Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибга қатъий риоя этилиши керак. Улар билан эркин муомала қилиш тақиқланган. Ўзбекистон Республикасининг 1999 й. 19 авг. даги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида» ги қонунига биноан, уларни ветеринария, илмий ва ўқув мақсадларида, экспертлик фаолиятида, жисмоний шахсларга бериш ва бошқа(лар) мақсадларда муомалада бўлиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, оз миқдорда, ғайриқонуний тарзда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган (ЎзР МЖК, 56-модда). Ўзбекистон Республикаси ЖКда таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган экинларни экиш ёки етиштириш (270-модда), қонунга хилоф равишда эгаллаш (271-модда), ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш (273-модда), гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб этиш (274-модда), уларни и. ч. ёки фойдаланиш қоидаларини бузиш (275-модда), ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа(лар) ҳаракатлар (276-модда) учун жиноий жавобгарлик белгиланган. «Гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни экиш» дейилганда уларнинг уруғини махсус тайёрланган ерга сепиш ёки кўчатини ўтказиш тушунилади ва шу ҳаракатларнинг ўзи шахсни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади. «Гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни етиштириш» дейилганда ҳар қандай ерда экилган ёки ўзи ўйиб чиқиб, ўсиб ётган шундай ўсимликларни парвариш қилиш (суғориш, чопиш, ўғит бериш ва ҳ. к.) тушунилади. «Г. в. ни қонунга хилоф равишда эгаллаш» дейилганда уларни ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш, талончилик, мансабни суиистеъмол этиш, товламачилик, босқинчилик каби йўллар билан эгаллаш тушунилади. Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаган, олган, саклаган, ташиган шахс, агар шундай ҳаракатни биринчи марта содир этган бўлса ва улар миқдори кўп бўлмаса, ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиб келиб, гиёҳвандлик воситаларини топширса, жазодан озод қилинади (273-модда). Бу моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл кўйган юридик шахс суднинг қарорига биноан тугатилиши мумкин.

Гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариш ва улар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш оғир жиноятчиликка жиноий бизнесни келтириб чиқаради.