Гиёҳвандлик

Гиёҳвандлик, наркомания, бангилик – наркотик моддаларга ўрганиб қолиш, ружу қилиш, аниқроғи, табиий ёки синтетик заҳарли моддалар (айрим дори моддалари) ни вақтинча ёки сурункасига истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик ҳолати. Гиёҳвандлик организм соматик ва руҳий ҳолатининг чуқур ўзгаришига сабаб бўлади ва гиёҳвандни таназзулга олиб боради. Гиёҳвандликда ўзини тўхтатиб бўлмайдиган даражада гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш майли пайдо бўлади, гиёҳванд модданинг миқдорига нисбатан эҳтиёж, руҳий ва жисмоний боғлиқлик ортиб боради. Бу ҳолат аста-секин бошланиб, сурункали давом этади. Гиёҳванд моддалар дастлаб хушнудлик, димоғчоғлик (қ. Эйфория), хотиржамлик ҳиссини уйғотиб, кайф қилдиради, кейин бора-бора бу касалликка айланади. Гиёҳвандлик 2 зайлда авж олиши мумкин. Биринчи ҳолда шифокор буюрган ва беморнинг руҳи ҳамда кайфиятини ошириш хусусиятига эга бўлган дориларни узоқ вақт ва нотўғри қабул қилиш; оғриқ, уйқусизлик ва бошқа(лар) дардлардан қутилиш мақсадида дори миқдори (дозаси)ни ошириб бориш; дарддан тузалиб дорига унчалик эҳтиёж бўлмаса ҳам, уни қабул қилавериш натижасида дорининг наркотик таъсири ва миқдори орта бориб, провардида гиёҳванд моддага мойиллик кучайиб, у хумор қиладиган бўлиб қолади.

Иккинчи ҳол онгли равишда кайф қилиш мақсадида гиёҳванд моддаларга ўрганишдир. Гиёҳвандликка, одатда, иродаси кучсиз, ўзини тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан, руҳан заиф ва ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Ёшлар тарбиясдаги нуқсон ва камчиликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб юрувчи катта ёшдагиларга тақлид ва ҳавас, оиладаги нохуш шароит (ота-онанинг ичкиликбоз ёки гиёҳванд бўлиши) ҳамда гиёҳванд моддаларнинг осон топилиши ёки қўл остида бўлиши ҳам гиёҳвандликка сабаб бўлиши мумкин. Бу дардга мубтало бўлганларда хасталик борган сари кучая бориб, одатда, кутилмаган ёмон оқибатларга олиб келади. Гиёҳвандлик эйфориясда, яъни кайфи чоғликда 2 босқич кузатилади: қисқа муддатли – 1-5 дақиқа давом этадиган ўткир ҳиссиётли босқич (ҳақиқий эйфория) ва узоқ (1-3 соат) чўзиладиган бўшашиш, тинчлниш даври. Бу босқичларнинг қисқа ёки узоқ бўлиши қандай гиёҳванд модда қабул қилинганига ва миқдорига боғлиқ. Гиёҳвандликнинг ҳамма тури ҳам ўз ривожида гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолиш йўли билан гиёҳвандлик синдромининг шаклланишига олиб келади. Бу синдромнинг ривожланишида ҳам 3 босқич фарқланади: 1) гиёҳванд моддага нисбатан организм реактивлигининг ўзгариши ва руҳий боғланишнинг пайдо бўлиши; 2) хумор (абстинент) синдроми кўринишида жисмоний боғланишнинг юзага келиши; 3) организм барча тизимларининг заифлашиши (толерантликнинг пасайиши, яъни гиёҳванд моддаларнинг аввалги миқдорини кўтара олмаслик, хуморнинг сурункали давом этиши ва айрим ҳолларда полинаркоманиянинг вужудга келиши). Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши гиёҳванд моддаларни қайта-қайта ва кўпроқ миқдорда истеъмол қила бошлайди. Кейинчалик эса гиёҳванд моддаларсиз туролмайдиган бўлиб қолади. Бундай аҳволдан қутилиш ва ўзини бироз енгил ҳис қилиш учун яна гиёҳванд моддага ружу қилади ва охир-оқибат гиёҳванд моддаларга ҳирс қўйиш келиб чиқади. Организмнинг дастлабки ҳимоя рефлекслари (кўнгил айниши, қусиш) йўқолади. Бу даврда организмда гиёҳванд моддаларга нисбатан мойиллик шу даражада кучайиб кетадики, гўё бу моддалар аввалги таъсир кучини йўкотгандек бўлиб қолади, энди аввалгидек эйфория (кайф) ҳолатини ҳис қилиш, хуморни тарқатиш учун ўша моддадан кўпроқ миқдорда қабул қилгиси келади. Олдинига гиёҳванд модда бирмунча ёқимсиз таъсир кўрсатган бўлса, кейинчалик гўёки унинг ҳолатини «нормаллаштирганга» ўхшайди, бемор ўзини бирмунча яхши ҳис қилади, иш қобилияти, руҳи гўё тетиклашади, пировардида у ҳақиқий гиёҳванд бўлиб холади. Гиёҳвандларда аввал руҳий ўзгаришлар (тажанглик, кайфият бузуқлиги, хотира пасайиши) пайдо бўлган бўлса, кейинчалик жисмоний ўзгаришлар – жисмоний боғланиб қолиш синдроми (терлаш, юрак уриши, оғиз кўриши, озиб кетиш, қўл-оёқнинг титраши ва бошқа(лар)) рўй беради. Агар гиёҳванд ўз вақтида наркотик моддани қабул қилмаса, организмда кучли руҳий ва жисмоний ўзгаришлар, яъни гиёҳвандликка хос оғир ҳолат – хуморлик (қ. Абстиненция) синдроми пайдо бўлади. Гиёҳвандлик опиомания (афюн қабул қилиш), морфинизм, геронизм кўринишида бўлади. Унинг нашавандлик, кокаинизм, никотинизм (тамакига ружу қилиш), теизм (аччиқ чой ичиш) ва бошқа турлари хам учрайди. Икки ёки ундан ортиқ хил гиёҳванд моддани сурункали қабул қилиш – полинаркомания дейилади. Гиёҳвандликнинг ҳамма турида ҳам организм заҳарланади ва у жуда оғир кечади.

Ер юзининг турли минтақаларида гиёҳвандликнинг айрим турлари кузатилади. Гиёҳвандликнинг героинизм тури кейинги вақтда жуда кенг ва фожиали тарзда тарқалиб бормоқда. Гиёҳвандлик авж олишининг олдини олиш учун айрим мамлакатларда тегишли тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, ЎзРда гиёҳвандликка қарши кураш қўмитаси ташкил қилиниб, давлат дастури ишлаб чиқилган. Республикада наркология маркази ташкил қилинган ва бу марказда наркология бўйича олим ва мутахассислар томонидан малакали кадрлар тайёрланиб, улар мамлакат минтақаларида гиёҳвандликка қарши кескин кураш олиб боради. Бу иллатга мубтало бўлган беморлар, асосан, шифохона (стационар) шароитида 2-4 ойгача даволаниб, 4-5 йилгача амбулатория кузатуви ва ҳисобида бўладилар. Ўзбекистонда гиёҳванд воситаларни и. ч. ва сотиш билан шуғулланган кишилар жиноий жавобгарликка тортилади (қ. Гиёҳвандлик воситалари).

[addtoany]