Глаукома

Глаукома [юн. glaucos – оч кўк, кўкимтияшил], кўк сув, назла – кўз касаллиги; асосий белгилари: кўз ичи босимининг ошиши, кўрув майдонининг торайиши ва кўрув нерви диски атрофияси. Бирламчи, иккиламчи глаукома фарқ қилинади. Бирламчи глаукома мустақил касаллик бўлиб, у кўз ичи босими бошқарилиши ва кўз ичи суюқлиги чиқишнинг бузилишидан юзага келади. Асосан, 35-40 ёшдан ошган одамларда учрайди. Кўз ички бурчагининг ҳолатига қараб ёпиқ бурчакли, очиқ бурчакли ва аралаш бурчакли шаклларда бўлади. Ёпиқ бурчакли глаукомада, кўпинча, беморнинг бир кўзи ва бошининг ўша томони дапқир-дапқир оғриб қўяди, кўз хиралашади, ёруғга қараганда ёйсимон доира кўринади. Вақт ўтиши билан кўз ва пешонадаги оғриқ кучайиб, беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади, кўзи қизариб ёшланади; кўз олдида жойлашган қон Томирлар кенгаяди. Мугуз парда хиралашади, кўзнинг олд қисми саёзлашади, қорачиқ кенгайиб, ёруғдан трайиш хусусияти йўқолади, кўкимтир-зангори рангга киради. Кўз ичи босими кескин ошиб, кўз соққаси қаттиқлашади. Касалликнинг ўткир хуржи рўй беради. Очиқ бурчакли глаукома билан хасталаган бемор анчагача кўзидан шикоят қилмаслиги мумкин. Кўз ичи босими ошади-ю, лекин оғриган кўз соғидан деярли фарқ қилмайди; босим ортган сари кўрув нерви ва тўр парда эзилиб, уларда қон айланиши қийинлашади, натижада кўриш майдони торайиб, кўриш ёмонлашади. Аралаш бурчакли глаукома, асосан, гниоскопия усули билан аниқланади.

Иккиламчи глаукома айрим кўз касалликларининг (увеит, кўз гавҳари касалликлари, қон томир касалликлари, кўз соҳасининг шикастланиши, дистрофияси ва ўсмаси) асорати сифатида вужудга келади. Туғма ва ўсмир ёшдагилар глаукомаси кўз ички бурчагининг норасолиги ва тўқималар ривожланишидаги айрим нуқсонлар туфайли пайдо бўлади.

Кўз ичи босими нормада 18-26 мм симоб устунига тенг. Агар у 26 мм дан ошса, махсус текширувлар ўтказиб глаукомани вақтида аниқлаш лозим. Касалликнинг олдини олиш учун ёши 40 дан ошган кишиларнинг кўз ичи босими мунтазам тарзда йилига бир марта ўлчаниб туриши керак. Кўз ичи босими ошса, кўз ёки бош оғриса, кўриш ёмонлашса, дарҳол шифокорга кўрсатиш лозим.

Глаукоманинг ҳар бир шаклида бошланғич, ривожланган, ўтиб кетган ва терминал босқичлар кузатилади. Касалликнинг ўткир хуружида кўз ичи босимини туширувчи маҳаллий ва умумий даво буюрилади. Агар кўз ичи босими ҳадеганда тушавермаса (24 соат давомида), жарроҳлик усули қўлланилади. Глаукоманинг барча турларини даволаш учун аввал дори-дармонлар буюрилади. Агар даволашга қарамай кўз ичи босими доимо ошиб турса, кўриш майдони торайса, лазер нурлари ёки микрохирургия усуллари билан кўз операция қилинади. Бу усуллар қанча эрта қўлланилса, кўришни шунча яхши ва узоқ, муддат сақлаш имконияти туғилади. Глаукома билан хасталанган бемор маълум тартибга риоя қилиши лозим. Кўпроқ сутли ва сабзавотли овқатлар тановул қилиш, меҳнат шароитини енгиллаштириш, тунда бажариладиган ишни кундузи ва ёруғ жойларда, вақт-вақти билан дам олиб қилиш тавсия этилади. Асабий (ақлий) ва жисмоний зўриқиш, бошни энгаштириб ишлаш, суюқликни кўп истеъмол қилиш, аччиқ чой, кофе ва спиртли ичимликлар ичиш тавсия этилмайди. Глаукоманинг олдини олишда диспансерзация йўли жуда қўл келади, бунда касалликни эрта аниқлаш ва бекаму кўст даволаш мумкин.

[addtoany]