Нефрология

Нефрология [юн. nephros – буйрак ва logos – фан] – тиббиётнинг бир бўлими; буйракнинг тузилиши ва фаолияти, касалликлари: буйракнинг туғма касалликлари (буйрак гипоплазиси, буйрак аплазияси ва бошқалар), ирсий касалликлари (тубулопатиялар, оилавий ирсий нефрит ва ҳ. к.), орттирилган касалликлари (гломерулнефрит, пиелонефрит, нефролитиаз ва бунинг юзага келиш сабаб ва механизмларини, уларнинг олдини олиш ва даволаш чора-тадбирлрини ўрганади.

Нефрология фан сифатида 20-а. нинг 50-60-й. ларида ажралиб чиқди. Унинг фан сифатида ривожланишида буйрак ультра тузилишини ўрганишдаги, буйрак фаолиятини экспериментал текширишлардаги ютуқлар, экспериментал ва клиник иммунологиядаги янгиликларнинг аҳамияти катта. Нефрологияга гломерулонефритни ўрганган инглиз Р. Брайт асос солган (1927).

Охирги 30 й. ичида кўпгина буйрак касалликларининг табиати аниқланди, янги иммунтикловчи дорилар ишлаб чиқарилди, ирсий ва туғма касалликлар аниқланди, сунъий буйрак ва буйрак трансплантацияси қўлланила бошланди. Нефрология масалаларини клиницистлар, морфолог, физиолог, уролог ва бошқа мутахассислар ҳамкорликда ўрганади. Бу соҳа урология ва трансплантацион хирургия билан чамбарчас боғланган.

Ҳоз. Ўзбекистонда барча тиббиёт ин-тлрида нефрология фан сифатида ўқитилади ва шу ин-тлар таркибида нефрология бўлимлари фаолият кўрсатади. Тошкентда ва бошқа йирик шаҳарларда Н. марказлари бор.

[addtoany]