Наркоз

Наркоз [юн. narkosis – карахтлик] – сунъий йўл билан (баъзи кимёвий моддалар ва бошқа(лар) омиллар таъсирида) ҳосил қилинадиган чуқур уйқу ҳолати, бунда киши ҳеч нарсани сезмайди, ихтиёрий ҳаракат қила олмайди, эс-ҳуши бутунлай ёки қисман йўқолади. Тиббиётда жарроҳлик операцияси вақтида оғриқсизлантириш (анестезия) мақсадида қўлланади. Америкалик хирург Уоррен биринчи бор эфир наркози билан операция қилган (1846). Дастлаб наркоз учун фақат эфир ва хлороформ поя фойдаланиб келинган. Кимё фанининг ривожланиши туфайли наркоз ҳолатини пайдо қиладиган турли хил моддалар кашф этилди.

Наркозни вужудга келтирадиган наркотик моддаларнинг бемор организмига юборилиш усулига қараб ингаляцион (нафас йўллари орқали), ноингаляцион (нафас йўлларидан бошқа йўллар билан) ва комбинацион наркоз (наркотик моддалар икки ва ундан кўп усул билан юборилганда) фарқ қилинади. Ингаляцион наркозда эфир, флютан, циклопропан ва бошқа(лар) моддаларнинг буғи ҳилатилади, бунда махсус аппаратлардан фойдаланилади. Наркотик моддаларни кислород билан аралаштириб юбориш нафас йўлларини ҳар хил асоратлардан сақлайди. Венага юбориб пайдо қилинадиган наркозда, асосан, уйқу дорилри – барбитурат кислота ҳосилалари ишлатилади. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, бемор тез ухлаб қолиб, ҳеч нимани сезмайди. Суяк ичига, тўғри ичакка, тери остига, мушак ичига қилинадиган Н. камдан-кам қўлланади.

Кўпинча, вена Н. и билан ингаляцион Н. биргаликда амалга оширилади. Бунда муолажа наркотик моддаларни венага юборишдан бошланади, бемор ухлаб қолган, ингаляцион Н. беришга ўтилади. Наркоз вақтида нафасни вақтинча тўхтатиб турадиган дори-дармонлар ва нафас олишни бажарадиган махсус Н. аппаратларнинг қўлланилиши Н. бераётган врач – наркотизатор (анестезиолог)га бемор организмининг барча фаолиятларини идора этиш имкониятини беради. Шу туфайли ўпка, юрак, йирик томирлар ва бош мияни бемалол операция қилиш мумкин. Турли кимёвий моддалар юбориб пайдо қилинадиган Н. дан ташқари махсус кўрсатма билан электронаркоз қўлланади.

Загрузка...