Некроз

Некроз [юн. nekrosis – ўлиш] – тирик организмдаги ҳужайра, тўқима, бутун аъзо ёки унинг бир қисми нобуд бўлиши. Кимёвий ёки физик таъсирлар (ҳарорат, электр токи, кучли кислота ёки ишкорлар, нур энергияси ва бошқалар), шикастланиш, токсинлар (бактериал инфецияларда) сабаб бўлади. Кўпчилик ҳолларда маҳаллий қон айланишининг (тромб, эмболия, инфаркт, гангрена), шунингдек, тўқималар иннервациясининг бузилиши некроз учун қулай шароит туғдиради. Некрозда ўзига хос ўзгаришлар ҳужайралар (ядро ва цитоплазма буришиб қолади) ва ҳужайралараро моддада кузатилади. Некроз атрофи ажралиб тушади (ҳужайра ядроси ва цитоплазмаси бужмаяди) ёки йиринглаб ирийди; ҳужайра кемтиги ўрнида чандиқ пайдо бўлади. Некрознинг қуруқ ёки коагуляцион (ўлган ҳужайра курийди), ҳўл ёки колликвацион (нобуд бўлган ҳужайра ирийди) хили ажратилади. Организмнинг бирор ерида Н. вужудга келиши унинг умумий ҳолатига нохуш таъсир кўрсатади. Тана юзасидаги тўқималар Н. га учраб ириганда, аксари уларда патоген микроблар кўпаяди. Шу боис ириган тўқималар жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.