Нейтрофиллар

Нейтрофиллар [лот. neuter – у ҳам, бу ҳам эмас ва юн. phileo – севаман] – умуртқали ҳайвонлар ва одам қони лейкоцитларининг бир хили. Нейтрофиллар протоплазмаси рангсиз ёки оч пушти, кизғиш-бинафша рангда, донадор. Ўртача катталиги 9-12 мкм. Нейтрофиллар етилиб боришига қараб қуйидагиларга ажратилади: миелоцитлар, ёш, таёқча ўзакли ва сегмент ўзакли нейтрофиллар. Нейтрофиллар промиелоцитлардан етилишига қараб ўзгариб боради, асосий ўзгаришлар ўзагида кузатилади: дастлаб ўзакда ботиқ ҳосил бўлади, кейин ўзак букилган таёкчани эслатади, сўнгра орасида ингичка кўприкчалари бор сегментларга (3 талай 5 тагача) бўлинади. Нейтрофиллар фагоцитоз қилиш ва гуморал омиллар и. ч. хусусиятига эга, шунинг учун микрофаглар гуруҳига киритилган. Катта ёшли одамларда таёқча ўзакли нейтрофиллар 1-6 % ни, сегмент ўзаклиси эса 47-72 % ни ташкил қилади. Соғлом одам қонида ёш Н. учрамайди. Ҳар хил патологияларда сегмент ўзакли Н. нинг сегментланмаган Н. га нисбати ўзгаради. Масалан, бу кўрсаткич камайса, Н. нинг чап томонга силжиши (кўпгина яллиғланиш жараёнлари, лекоцитозда), кўрсаткич кўпайса, ўнг томонга силжиши, лейкопения кузатилади (оғир келувчи анемияда). Ҳар хил касалликларда уларнинг ҳажми, протоплазмаси ва донадорлиги ўзгариши мумкин. Қонда Н. миқдорининг кўпайиши нейтрофиллёз деб аталади.

Загрузка...