Ногиронлик

Ногиронлик, инвалидлик – касаллик, шикастланиш, майиб-мажрухдик, бахтсиз ҳодисалар туфайли бутунлай ёки маълум муддат меҳнат қобилиятини йўқотиш. Жисмоний ёки ақлий нуқсонлари борлиги сабабли ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож шахс ногирон ҳисобланади. Ўзбекистонда Н. Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан белгиланади. Ногиронлик меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасига қараб 3 гуруҳга бўлиниб, вақтинча (6-12 ой) ёки муддатсиз қилиб тайинланади. 1-гуруҳ ногиронликга меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотган ва бошқаларнинг доимий парвариши, ёрдами, назоратига муҳтож бўлган шахслар; 2-гуруҳ ногиронликга меҳнат қобилиятини бутунлай йўқотган, лекин бошқаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлмаган, шунингдек, меҳнат туридан қатьи назар, унда узоқ муддат ишлай олмайдиган шахслар; 3-гуруҳ ногиронликга меҳнат қобилияти сезиларли даражада пасайган шахслар киради. Ногиронлар давлат нафақаси билан таъминланади, зарур бўлганда даволанади, уларга протезлар берилади, ишга, махсус мактабларга жойлаштириш учун шароит яратилади. Ногронларни тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш орқали фаол ҳаётга, меҳнатга жалб қилиш долзарб масала ҳисобланади.

ЎзР қонунчилигида ногиронликнинг қуйидаги сабаблари назарда тутилади: умумий касалликлар (иш билан боғлиқ бўлмаган) оқибатидаги ногиронлик; турмушдаги бахтсиз ҳодисалар натижасида шикастланиш оқибатида юз берган ногиронлик; и. ч. даги жароҳатлар ва касб касаллигига дучор бўлиш натижасидаги ногиронлик; касб касаллигига чалиниш туфайли юз берган ногиронлик; Ўзбекистонни ҳимоя қилиш ёки бошқача тарзда ҳарбий бурчни бажариш пайтида рўй берган Н.; ҳарбий бурчни бажариш билан боғлик бўлмаган ҳарбий хизматни ўташ давридаги Н. Бу борадаги тартиб-қидалар ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1994 й. 24 нояб. даги 317-сон қарори билан тасдиқланган «Тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари тўғрисида низом»да кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1995 й. 11 нояб. да «ЎзРнинг нгиронларни реабилитация қилиш борасидаги чора-тадбирлари Давлат дастури тўғрисида» қарор қабул қилди. Мазкур қарорнинг ижроси ногиронларни реабилитация қилиш марказлари тизими (Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш миллий маркази, Таянч-ҳаракат тизими касалликларида ногиронлар реабилитация маркази ва 10 та умумий тилдаги ҳудудий реабилитация марказлари) ташкил этилди. Булар жойлардаги ТМЭКлар билан ҳамкорликда ногиронларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чора-табирларини амалга оширади.

[addtoany]