Нур билан даволаш, нур терапияси – ионловчи нурлар (альфа, бета, нейтрон, электрон, протон зарралар ҳамда рентген ва гамма нурларни даво мақсадида фойдаланиш; ҳар хил ўсмалар ва баъзи яллиғланиш жараёнларини даволашда кенг қўлланади.
Н. билан д. ионловчи нурларнинг биологик таъсир кўрсатишига асосланган. Бунда нурлар тўқималар билан ўзаро таъсирлашиб, уларда ионланиш ҳамда мураккаб физик-кимёвий ва биокимёвий жараёнларни юзага келтириб, нурлантирилган тўқималарнинг ҳаёт фаолиятини издан чиқаради. Ионловчи нурлар хавфли ўсма тўқималарига соғ тўқималарга қараганда кўпроқ таъсир қилади; ўсмаларни Н. билан д. да унинг ана шу хусусияти назарда тутилади. Н. билан д. мустақил ёки даво усуллари билан бирга олиб борилади. Н. билан д. хирургик даво усуллари билан бирга олиб бориладиган бўлса, нур операциядан олдин ёки кейин берилади. Ҳоз. кўпчилик мамлакатларда онкологик беморларнинг 70 % и нур билан даволанади. Усмаларга нур борилганда аввал ҳужайралар бўлиниши ва кўпайиши секинлашади, кейин тўлиқ тўхтайди. Лекин ўсма ҳужайраларининг бир қисми доимо тирик қолади. Бу жуда хавфли, чунки уларнинг бир қисми – рецидив (кайтапанган) ўсмага, бошқаси – метастаз (иккиламчи) ўсмга айланади. Ҳужайраларнинг омон қолиши, атроф муҳитнинг турли омиллари таъсирида пайдо қилинган зарарларни бартараф қиладиган (репарацияловчи) ферментли тизим билан таъминланганидадир. Бу тизим яхши ишласа, шикастланган ҳужайранинг фаолияти тўлиқ тикланади. Ҳар бир ҳужайранинг умрида нурга нисбатан юқори ва паст сезгирлик даври бўлади. Агар ионловчи нур ҳужайранинг юқори сезгирлик пайтида таъсир этса, у қаттиқ шикастланади, сезгирлик паст вақтида бўлса, фаолияти унча ўзгармайди. Кўпгина тадқиқотларда кўрсатилишича, ўсма ҳужайрасининг нур билан зарарланиш даражаси ундаги кислород миқдорига боғлиқ: кислород кўп бўлса, нур таъсири кучли, кам бўлса, аксинча. Шу боис кислородга бой ўсма ҳужайралари нобуд бўлади, сийрак бўлса, омон қолади.
Клиник амалиётда Н. билан д. режаси ўсма пайдо бўлган нормал тўқиманинг нурга сезгирлигига ва ўсма ҳужайраларининг морфологик етукпиги даражасига асосланади: лимфоид тўқимадан ўсиб чиққан саркомалар бириктирувчи тўқима ўсмаларига нисбатан нурга ўта таъсирчан, ҳазм йўли ўсмалари – нурга чидамли.
Ўсмаларни Н. билан д. да, асосан, икки нур манбаи: зарядланган зарралар тезлаткичлари (рентген асбоблар, циклик ва чизиқли тезлакичлар) ва сунъий радиоактив моддалар (гама-мосламалар, радиоактив моддаларни фойдаланилади. Н. билан д. нинг организмга ташқи (дистанцион ва контакт усуллар) ва ичидан нур таъсир эттириш (нур чиқарувчи манба бемор организмига киритилади) йўли билан амалга оширилади. Амалиётда кўпроқ ташқи нурлаш қўлланилади.
Ўсмаларни Н. билан д. да уларни тўлиқ емриш учун ионловчи нурларнинг катта дозасини қўллашга тўғри келади: бунда нур реакциялари (нурга нисбатан организмнинг маҳаллий ва умумий реакциялари) кузатилади, бунда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Н. билан д. нинг самарали бўлиши беморнинг врач кўрсатмаларига риоя қилишига боғлиқ.
[addtoany]