Нур касаллиги – ионловчи нурларнинг организмга таъсир этишида юзага келадиган касаллик. Нур касаллиги бутун тана ёки унинг каттагина қисми ташқаридан нурланганда, шунингдек, организмга нафас, меъда – ичак йўли ва тери орқали радиоактив моддалар кириши натижасида у ичкаридан нурланганда, аксарият нуланиш нормал миқдордан ортганда рўй беради. Ионловчи нурларнинг қисқа вақт (бир неча минут, соат) таъсир этиши натижасида пайдо бўладиган ўткир ва камроқ дозадаги нур узоқ вақт (бир неча ой ва йиллар) таъсир этганда юзага келадиган сурункали нур касаллиги фарқ қилинади. Бунда, асосан, қон яратувчи аъзолар, нерв тизими, меъда-ичак йўллари ва бошқа(лар) аъзолар зарарланади. Ионловчи нурлар ишлатилганда махсус ҳимоя материаллар ва кимёвий препаратлар қўллангани учун нур касаллиги, асосан, ядро қуроли портлаганда ёки ядро реактори ва радиоизотоп аппаратлар аварияси натижасида вужудга келади. Организмнинг шикастланиш даражаси (енгил, ўртача, оғир ва жуда оғир), асосан, нур дозасига, шунингдек, организмнинг нурни шахсий сезувчанлигига боғлиқ. Нур касаллигининг ўткир, ўртача ўткир ва сурункали хили фарқ қилинади. Қисқа вақт ичида катта дозда нур таъсир этганда, масалан, атом ва термоядро қуроллари портлаганда ўткир бу касаллик кузатилади. Одатда, камроқ дозадаги нур узоқ таъсир этганда ўртача ўткир ва сурункали нур касаллиги рўй беради. Касалликнинг бир шакллари организмга радиация таъсир этган, ойлар ва йиллар ўтгандан кейин пайдо бўлиши билан ўткир нур касаллигидан фарқ қилади.
[addtoany]