Нурланиш

Нурланиш – 1) эркин электромагнит майдон ҳосил бўлиш жараёни. Эркин, яъни нуланган электромагнит майдоннинг ўзи ҳам «Н.» атамаси билан аталади; 2) радиодиапазодаги электромагнит тўлқинларнинг ғалаёнлниши ва фазода тарқалиши. Бунда ўзгарувчан ток ёки зарядлар энергияси фазода тарқалаётган электромагнит тўлқинлар энергиясига айланади; 3) табиий шароитда тирик организмга инфрақизил, кўринадиган ва ультрабинафша нурларнинг биологик таъсири. Тирик организм космик нурлар ва ион нурлари билан ҳам нуланади. Даволаш мақсадида тирик организм ультрабинафша, ультраюкори частотали нурлар билан сунъий нурлантирилади. Нурланишнинг тотал (тўла), локал (қисман), тез (қисқа вақт ичида), хроник (узоқ вақт давомида), ташқи, ички ва бошқа(лар) хиллари мавжуд. Нурларнинг биологик таъсири нурланиш дозаси, хили, энергияси ва организмнинг физиологик ҳолатига боғлиқ.

Нурланиш дозалари – нурларнинг бирор муҳитга таъсирини белгиловчи миқдорлар. Бир неча турлари мавжуд. Ютилган доза – нурланаётган муҳитнинг масса бирлигига ютиладиган нурланиш энергияси; ионлаштирувчи нурлар (рентген у-нурлар, а- ва в-зарралар, нейтронлар, космик нурлар ва ҳ. к.)нинг муҳитда ютилган дозалари радларда ифодаланади. Нурлантириш дозаси – нурланиш миқдорини ифодалайдиган ва ҳавонинг тонланиши билан ўлчанадиган миқдор, рентген ва у-нурлари рентгенларда, бошқа ионлаштирувчи нурлар эса бэрларда ифодаланади. Биологик доза – нурларнинг организмга биологик таъсирини ифодаловчи миқдор; бэр (рентгенинг биологик эквиваленти)ларда ўлчанади. Интеграл доза – нурланаётган ҳажм бўйича тўла ютилган ионлаштирувчи нурларнинг умумий дозаси; грамм-рентген ёки грамм-радлада ўлчанади. Вақт бирлигидаги нурланиш доза қуввати дейилади. Баъзи нурланиш дозаларининг қийматлари: табиий фон (космик нурлар, муҳит ва одамни ўраб олган радиоактивлик)нинг дозаси 0,1 бэр/йил; нур касаллигига олиб келадиган доза – 400 -500 бэр; терапияда қўлланиладиган Н. дозаси 10000 бэр гача.

[addtoany]