Гастрит [юн. gaster – меъда, ошқозон] – меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши; кўпинча, меъданинг секрет (меъда шираси ажралиши) ва ҳаракат фаолиятининг издан чиқиши билан бирга кечади. Одамларда нотўғри овқатланиш, спиртли ичимликларга ружу қилиш, аччиқ ва шўр нарсаларни мунтазам истеъмол қилиш, овқатдан заҳарланиш, билар-билмас турли дорилар қабул қилиш, аллергия, Helicobacter pylori микроби ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Касалликнинг кечишига қараб ўткир ва сурункали гастрит фарқ қилинади. Ўткир гастритда тўш остида нохуш оғриқ сезилади, қорин дам бўлади, кўнгил айнийди, оғиз бемаза бўлади ва ҳ. к. Баъзан беморнинг тинкаси қурийди, ҳарорати кўтарилади, қайт қилади; қорин қулдираши ва ич кетиши мумкин. Ўткир гастритнинг айрим белгилари ўткир аппендицит, холецистит, панкреатит ва бошқа(лар) касалликларда ҳам кузатилади, шунинг учун дарҳол шифокорга мурожаат этиш зарур. Бемор парҳез ва шифокор буюрганларига вақтида амал қилса тезда тузалиб кетади, акс ҳолда, касаллик сурункали тус олади. Сурункали гастрит овқатланиш тарзининг мунтазам бузилиши, ўз вақтида овқат емаслик ёки бир ўтиришда меъёридан ортиқ овқат ёйиш, нуқул қуруқ ёки аччиқ, иссиқ, шўр овқатлар истеъмол қилиш ва бошқа(лар) туфайли юзага келади. Кўпинча, руҳий толиқиш, спиртли ичимликлар ва тамакининг зарарли таъсирида, шунингдек, айрим дорилар (аспирин, бутадион)ни мунтазам пала-партиш ичиб юриш натижасида ҳам вужудга келиши мумкин. Бемор тишларининг йўқлиги ёки касаллиги, муртак бези, ўт пуфаги, меъда ости безининг сурункали яллиғланиши ҳам касаллик авж олишига олиб келади. Меъда секретар фаолиятининг ҳолатига қараб гиперацид ёки гипоацид (меъда шираси ажралиши секретар ва кислоталилигининг ортиши ёки камайиши) гастрит фарқ қилинади. Сурункали касалликнинг белгилари ҳам ўткир гастритга ўхшаш бўлади, лекин бунда касаллик тезда ўтиб кетмай узоқ чўзилади, кўпинча, беморнинг ичи бузилади (дам ич кетади, дам қабзият кузатилади), тили караш бойлайди. Касаллик зўрайганда унинг аломатлари авж олади. Сурункали гастрит вакт-вакти билан (баҳор ва куз кезлари) қўзиб туриши мумкин. Касаллик билан оғриган беморлар оилавий шифокор назоратида бўлиши лозим. Парҳезга риоя қилиш, физиотерапия муолажалари дори-дармон, минерал сувлар, шунингдек, санаторий-курорларда даволаниш керак.
[addtoany]