Меъда

Меъда, ошқозон – овқат ҳазм қилиш тизимининг кенгайган қисми (қ. Овқат ҳазм қилиш тизими). Меъдада овқат сақланади, майдаланади ва қисман ҳазм бўлади (қ. Овқат ҳазм қилиш). Ошқозон ичакнинг олдинги ихтисослашган қисми сифатида биринчи марта айрим бўшлиқилилар, ясси чувалчанглар ва халкали чувалчанглар да пайдо бўлади (қ. Ичак). Умуртқали ҳайвонларда меъда ичакнинг олдинги кенгайган қисми ҳисобланади. Бироқ юмалоқ оғизлиларда ва айрим балиқларда меъда ихтисослашмаган, кўпчилик балиқларда қизилўнгач ва ичакдан аниқ ажралмаган. Сувда ва қуруқликда яшочиларда М. ҳазм қилиш тизимининг бошқа қисмларидан аниқ ажралган. Қушлар М. си мустақил безли ва мушакли бўлимдан иборат. Сут эмизувчилар ошқозони мураккаб тузилган бўлиб, кириш ва чиқиш қисми ҳамда М. туби ва танасидан ташкил топган. Кўпчилик кав қайтарувчи сут эмизувчилар М. си 4 бўлма: катта қорин, тўркорин, қатқорин ва ширдондан иборат. Айрим китлар М. си 5 ва 6 бўлмали бўлади. Безли қаватнинг тузилишига кўра, безли ёки ичак тилидаги (одам, мушуклар, итлар), қизилўнгач (ехидна, ўрдакбурун) ҳамда аралаш, яъни кзилўнгач-ичак (отлар, чўчқаларда) тилидаги М. фарқ қилинади. Кўпчилик сут эмизувчиларда М. безлари ихтисослашган бўлади.

Одамда ошқозон қорин бўшлиғида жойлашган бўлиб, шакли ловияга ўхшайди. Унинг кўпроқ қисми чап томондаги қовурға ости соҳасида, озроқ қисми эса қорин бўшлиғи тепа буларнинг ўртасида туради. Меъда танасининг юқори қисми (туби) кенгайган ва диафрагмага қараган. Меъдадан чиқиш қисм (пилорус) қориннинг ўрта чизиғи орқасидан ўнгга ўтади. Меъданинг кириш қисми қизилўнгачдан бошланса, чиқиш қисми 12 бармоқ ичакка қўшилади. Овқат билан ўртача тўлган М. юқоридан жигарнинг пастки юзасига ва диафрагмага; пастдан кўндланг-чамбар ичак ва унинг тутқичига тегиб туради. Ошқозоннинг ботиқ чеккаси (кичик қийшамаси) ўнгга ва юқорига, қавариқ чеккаси (катта кийшаймаси) чапга ва пастга қараган. Ошқозондан чапда – талоқ, пастда ва орқада – меъда ости бези бор. Меъда ҳамма томондан қорин пардаси билан ўралган. Меъда сиғими ҳар кимда ҳар хил: янги туғилган болада 20-30 мл, ўрта ёшдаги одамларда 1-3 л; эркаклар меъдаси аёлларникига нисбатан каттароқ бўлади.

Меъда девори шиллиқ, шиллиқ парда ости, мушак ва сероз қаватдан иборат. Меъда ташқаридан сероз парда билан қопланган. Унинг остидаги мушак қавати бўйлама (ташқи), кўндаланг ва қийшиқ йўналган толалардан тузилган. Шиллиқ парда ости қавати М. нинг мушак қаватини шиллиқ пардага боғлайди. Бу қават қон томир ва нервларга бой. Меъданинг ички юзаси шиллиқ парда билан қопланган, бу парданинг бурмалари остида жуда кўп безлар бор. Меъдага кириш қисм (кардиа) ва тубдаги безлардан шилимшиқ, пилорус безларидан эса ферментлар ишланиб чиқади. Меъда билан 12 бармоқ ичак чегарасида пилорус сиқувчиси (сфинктери) бор, у бир неча қават циркуляр мушаклардан тузилган бўлиб, меъданинг вақти-вақти билан бўшаб туришини таъминлайди. Меъда силлиқ мушакларининг қисқариши натижасида М. да тоник перисталтик ҳаракатлар бўлади. Меъдага тушган овқат миқдорига қараб тоник қисқариш узлуксиз узоқ давом этади. Перистальтик-тўлқинсимон ҳаракатлар М. нинг кардиа қисмидан пилорус қисмига томон бўлади, бу ҳаракатлар овқатни аралаштиради ва ичакка ўтказиб беради. Бўш ошқозон қисқарган ҳолда туради; оч қорига ичилган сув М. да тўхтамай ичакка ўтади. Меъданинг кириш қисмидан тушган овқат аъзо деворларини кенгайтиради ва перистальтикаси туфайли аста-секин пастга томон сўралади. Меъда овқатни аралаштиради, ҳазмга мослайди, кимёвий ўзгартиради ва ичакка ўтказиб беради (эвакуация). Меъда ширасидаги хлорид кислота таъсирида овқат бўкиб, гидролиз қилувчи ферментлар таъсир этиши учун қулай муҳит вужудга келади. Меъданинг туби ва танасида жойлашган найсимон безлар хлорид кислота, қолган безлар эса пепсин ва шиллиқ суюқлигини ажратади, буларнинг чиқиши овқат сифати ва миқдорига боғлик бўлиб, уни нерв тизими ва гуморал омиллар бошқаради. Биринчи (шартли рефлекс) фазасида овқатни кўриш, ҳидининг бурунга кириши, ёйиш, оғиз ва ҳалқум рецеторларининг таъсирланиши вужудга келади. Иккинчи (нейрогуморал) фазада овқатнинг М. шиллиқ пардасига бевосита таъсири шира чиқартиради. Учинчи (ичак) фазада 12 бармоқ ичак рецепторларининг қитикланишидан вужудга келадиган рефлектор таъсир ва ичакдан қонга сўриладиган озиқ моддалар таъсири М. дан шира чиқишига олиб келади. Овқат ошқозонда 3 соатдан 8-10 соатгача туриши мумкин. Шу вақт ичида овқат меъда шираси билан тўла шимлади ва аста-секин оз-оздан 12 бармоқ ичакка ўтади. Ошқозон касалликларидан гастрит, яра касаллиги ва ўсмалар кузатилади.

[addtoany]