Гастроэнтерит

Гастроэнтерит [гастро… ва юн. entera – ичак] – меъда ва ингичка ичак шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Организмни заҳарлаб, умумий инфекцион касалликни вужудга келтирадиган микробларнинг овқат билан меъдичакка кириб кўпайиши, кўпинча, гастроэнтеритга сабаб бўлади. Ҳўл мева ва сабзавотларни ювмасдан ёйиш, хом сут ичиш, айниган гўшт ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек, кўп спиртли ичимлик ичиб, жуда кўп овқат ёйиш натижасида келиб чиқади. Одамларда гастроэнтерит ўткир ва сурункали кечади. Ўткир гастроэнтеритда бемор тўсатдан сассиқ кекирик бўлиб, кўнгли айнийди, қайт қилади, ичи кетади, корни санчиб, қаттиқ оғрийди, ичи қулдирайди. Кўпинча, организмнинг заҳарланиш белгилари ҳам қўшилади: бош оғриб ҳарорат кўтарилади, лабга учуқ тошади, касаллик оғир кечса, юрак-томир фаолияти бузилади (беморнинг ранги ўчиб, томири сезиларсиз ва тез-тез уради, ҳушдан кетади). Касаллик енгил ўтса, бемор тезда тузалиб кетади. Оғир кечганда узоқ давом этиб, жигар, буйрак, қовукда асорат қолдириши мумкин. Сурункали гастроэнтерит кўпроқ касалликнинг ўткир даври даволанмасдан ўтказиб юборилганда, шунингдек, мустақил касаллик сифатида ҳам юзага келиши мумкин. Касалликнинг олдини олиш учун овқатланиш тартибига ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш керак (яна қ. Овқатдан заҳарланиш). Махсус парҳез буюрилади, дори-дармонлар тавсия этилади.

Загрузка...