Овқатдан заҳарланиш

Овқатдан заҳарланиш – микроблар билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда вужудга келадиган касаллик. Аксарият бирдан кўпчилик касалланади, лекин беморлардан соғлом одамга юқмайди. Кўпинча, стафилококклар, энтерококклар, айрим ичак таёкчалари, протей, цитробактер, иерсиния, клостридия ва бошқа(лар) микроблар сабаб бўлиши мумкин. Қуйидаги 2 ҳолат овқатдан заҳарланиш учун умумий ҳисобланади: 1) микроб тушиб кўпайган овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибати; 2) бемор организмига микробнинг ўзи ва унинг токсини таъсири. Овқатдан заҳарланиш ёз ойларида кўп учрайди. Катталарга нисбатан болалар, айниқса, 3 ойликдан 2 ёшгача бўлган болалар кўпроқ касалланади. Одам кўпроқ уриниб қолган гўшт ва унинг маҳсулотлари, сут маҳсулотлари (айниқса, торт ва пирожное), балиқ, товуқ гўштини истеъмол қилганда заҳарланиши мумкин. Стафилококклар сабаб бўлган ҳолларда инфекция манбаи одам ҳисобланади. Ангина ёки турли йирингли касалликлар: сачратқи, чипқон, хасмол ва бошқа(лар) йирингли яралар бўлган кишилардан микроб тайёр маҳсулотга ўтиб, тез кўпаяди. Уни билмай истеъмол қилган киши дарҳол заҳарланади. Касалликнинг яширин даври 2-3 соатдан 3 кунгача. Касаллик тўсатдан кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади, ич кетади, қоринда туташ оғриқ бўлади. Қисқа вақт ичида бемор организми сувсизланади, у ҳолсизланиб қолади. Юрак-томир тизими фаолияти бузилади. Айниқса, клостридиялар сабабли рўй берадиган заҳарланиш оғир кечади. Касалликка ташхис қўйиш учун беморнинг қусуқ массаси, меъдани чайилган суви стрилланган банкага йиғилиб лаб. га юборилади. Заҳарланишга сабабчи деб гумон қилинган овқат маҳсулотлари ҳам лаб. да текширилади. Нажасдан Мюллер муҳити ва тузли эритмга экма олинади. Текширишга олинган турли экмалардан бир хил микроб топилиши, ўша касаллик сабабчиси эканидан далолат беради. Касалликнинг 5-6-кунидан бошлаб бемор қони зардоби билан ажратиб олинган микроб культраси аралаштирилиб агглюцинация реакцияси қўйилади. Реакциянинг 1 : 40 нисбатда ва ундан юқори суюлтиришда ижобий натижа бериши ушбу микроб касаллик сабабчиси эканидан дарак беради. Овқатдан бўладиган токсикинфекциялар ва интоксикацияларт овқатдан заҳарланишдан фарқ қила билиш керак. Даво касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганида тез ёрдам сифатида меъдани 2 % ли сода ёки нимранг калий перманганат эритмаси билан чайиш, ипакчи тозалашдан иборат. Регидрон, бектит препарат эритмасини ичириб туриш касаллик оғирлашишининг олдини олади. Оғирроқ ҳолларда дисоль, ацесоль, трисоль каби суюқликлар томир орқали томчилаб қўйилади. Зарурат бўлганида юрак-томир тизими фаолиятини яхшилайдиган дорилар юборилади. Озиқ-овқат тайёрлаш корхоналари хизматчилари иш жараёнида шахсий гигиенага қатъий риоя қилишлари, эмизикли оналар гўдакни эмизишдан олдин қўли ва кўкрагини совунлаб ювиши керак. Ёз кунлари гўдаклар учун овқат фақат бир марта истеъмол қилишга етарли қилиб тайёрланиши лозим. Овкатга ишлатиладиган идишлар аввал ювилиб, сўнгра қайнатилиши, устига тоза дока ёпиб қўйилиши лозим. Рўзғорда ишлатиладиган тез бузиладиган маҳсулотлар совиткичда сақланиши шарт. Ошпазлар санэпидстанция ходимлари томонидан белгиланган муддатларда тиббий кўрик ва лаб. текширувидан ўтиб туришлари керак.

[addtoany]