Гастроэнтероколит

Гастроэнтероколит [гастро… ва юн. enteron – ингичка ичак, kolon – йўғон ичак, itis – яллиғланиш] – меъда-ичак (хусусан, ингичка ва йўғон ичакнинг ўткир яллиғланиши. Организмнинг оғир металлар, ишқорлар, спирт билан заҳарланиши, касаллик қўзғатувчи вирус ва бактериялар таъсири, овқатланиш маромининг бузилиши, овқатдан ёки доридан юзага келадиган аллергия ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Кўпинча, бактериялардан зарарланиш туфайли рўй беради. Меъда шираси таркибида кислота миқдорининг камайиши, организмда витамин етишмаслиги, жисмонан зўриқиш; спиртли ичимликларга ружу қилиш каби омиллар ҳам гастроэнтероколитга сабаб бўлиши мумкин. Касаллик, одатда, тўсатдан бошланади, беморнинг кўнгли айниб, тўхтовсиз қайт қилади, ичи кетади, корни оғриб, қулдирайди, иштаҳаси йўқолади. Баъзан организмнинг заҳарланиш белгилари ҳам қўшилади; бош оғриб, тана ҳарорати кўтарилади, оғирроқ кечганда юрак-томир фаолияти заифлашади, жигар ва талоқ катталашади; қувватсизлик, ҳушдан кетиш ҳоллари кузатилади. Ўткир гастроэнтероколит тўла даволанмаса, сурункали тус олиб, гастрит, колит каби асоратлар кодириши мумкин. Даво касалликка сабаб бўлган омилни бартараф этишдан иборат, асосан, парҳез буюрилади.

[addtoany]