Гавда ҳарорати

Гавда ҳарорати – одам ва иссиқ қонли ҳайвонлар ҳароратининг кўрсаткичи; организмда иссиқлик узлуксиз ҳосил бўлиши ва атрофга чиқариб турилиши туфайли гавда ҳарорати доим бир хилда сақланади. Организмнинг ички муҳит ва тери ҳарорати фарқ қилинади. Ички аъзолар ҳарорати унда кечадиган биокимёвий жараёнлар жадаллигига қараб ўзгариб туради. Жигар ҳарорати юқори (39° гача), тери ҳарорати ички аъзолар ҳароратига нисбатан анча паст бўлади. Одатда, қўлтиқ, баъзан оғиз бўшлиғи, тўғри ичак ҳарорати ўлчанади. Одамда гавда ҳарорати қўлтиқдан ўлчанганда аксари 36-36,8° бўлади (баъзи кишиларда 36° дан сал паст ёки 37°дан сал юқори бўлиши мумкин). Гавда сиртидаги ҳарорат ички аъзолар ҳароратидан анча паст. Гавда ҳарорати тўғри ичакдан ўлчанганда қўлтиқдагига нисбатан 0,5-0,8° ортиқ чиқишининг сабаби ҳам шу. Гавда ҳарорати кун бўйи озгина ўзгариб туради, эрталаб камроқ, кундузи соат 12-16 ларда юқорироқ бўлади. Ташқи муҳит шароитлари ноқулай бўлганида ёки киши жисмоний зўриқканда, шунингдек, турли касалликларда ёки терморегулция бузилганда (гипертермия) гавда ҳарорати ўзгаради. Кўпинча, яллиғланиш ва юқумли касалликлар ҳароратнинг кўтарилиши билан кечади (қ. Иситма), касалликка ташхис қўйишда бунинг аҳамияти катта. Турли заҳарланишлар, тинкани куритдиган касалликларда температуранинг пасайиши (гипотермия) кузатилади. Ҳарорат тиббиёт термометри билан ўлчанади.

[addtoany]