Жигар – ҳазм бези. Одам ва ҳайвонларда овқатнинг ҳазм бўлиши ва сўрилишида қатнашади, ёғ ва карбонсувларни захирага йиғади. Хордали ҳайвонлар ва Одамда жигар – мураккаб, ҳаёт учун муҳим аъзо. Балиқ ва амфибияларда бу аъзо судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизучилардагига нисбатан каттароқ; йиртқич ҳайвонларда ўтхўр ҳайвонларникига нисбатан катта. Унинг шакли ҳайвоннинг тана тузилишига боғлик.
Одамда жигар – организмдаги энг катта без (вазни 1200-2200 г). Қорин бўшлиғида, дифрагманинг тагида, ўнг қовурғалар ва қисман чап қовурғалар остида ётади. Ранги қизғиқўнғир, каттароқ ўнг бўлаги билан кичикроқ чап бўлаги бор. Ўрта қисмининг пастки юзасидаги кўндаланг чуқурча жигар дарвозаси ёки қопқаси деб аталади. Шу жойдан аъзога артерия, дарвоза венаси, нервлар киради ва жигарнинг ўт йўли, жигар венаси чиқади. Бу ўт йўли ўт пуфагидан чиққан йўлга қўшилиб, ўн икки бармоқ ичакка қўйиладиган умумий ўт йўлини ҳосил қилади.
Жигар организмнинг марказий биокимёвий лабораторияси бўлиб, турли-туман вазифаларни бажаради; У бўлмаса, одам, ҳайвон яшай олмайди. Аъзо бир суткада 600-700 г ўт (сафро) ишлаб чиқариб, овқат ҳазм бўлишида ва озиқ моддаларнинг ичакдан қонга сўрилишида муҳим роль ўйнайди; оқсиллар, ёғлар ва карбонсувлар алмашинувида қатнашади; бундан ташқари, моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган ёки ташқаридан кирган заҳарли моддаларни зарасизлантириб, ҳимоя функциясини бажаради. Жигарнинг махсус юлдузсимон ҳужайралари фагоцитозга ва антителолар ҳосил қилишга қодир. У қонни заҳира сифатида йиғиб тура олади. Жигар эмбрионал ривожланишда қон элементлари ва гемоглобин ҳосил қилишда ҳам иштирок этади. Организмдаги жами қоннинг 1/5 қисми бу аъзо томирларига сиғиши мумкин. Қондаги ортиқча сув қисман жигарда ажралиб чиқиб, ўт ва лимфа ҳосил бўлишига кетади. Жигар ўтни узлуксиз ишлаб, ўзининг ўт йўли орқали чиқаради; ўн икки бармоқ ичакка ўт кириши овқатланиш вақтида бошланиб, меъда овқатдан бўшамагунча давом этади. Бошқа вақтда эса умумий ўт йўлининг ҳалқасимон мушаги (сфинктери) қисқариб, шу йўлнинг тешигини беркитиб туради. Аъзода ҳосил бўладиган ўт, ўт пуфагига киргач, Қуюлиб қолади, чунки ундаги сув ва қисман бошқа баъзи моддалар пуфаг деворидан қонга ўтади.
Ҳазм тизимидан қонга ўтган ҳамма моддалар бу аъзога келиб, қисман мураккаб моддалар тузилишига сарф бўлади, қисман эса парчалнади. Масалан, қон билан келган аминокислоталардан қон оқсиллари (альбуминлар, глобулинлар ва бошқалар) ҳосил бўлади, бир қанча моддалар (фруктоза, галактоза, лактоза, глицерин)дан жигарда глюкоза синтезланади, бундан эса гликоген вужудга келади. Гликоген жигар ҳужайраларида захирада туради ва организм кўпроқ энергия сарфлаётган вақтда глюкозага айланиб, қонга ўтади.
Жигар пигментлар алмашинувида қатнашади; унда гемоглобин емирилади ва билирубин ҳосил бўлиб, эрийдиган ҳолга келади. Бу аъзода ёғсимон моддалар (липоидлар) ишланиб чиқади ва қон билан бошқа аъзо, тўқималарга бориб, моддалар алмашинувида, қатнашади. Жигарда холестерин, протромбин ва гепарин ҳам синтезланади.
Қон билан жигарга келадиган моддалардан баъзилари организмга зарарли бўлиши мумкин. Шу моддаларни зарарсизлантириш, қисман эса ўт билан чиқариб юбориш жигарнинг вазифасидир. Масалан, қўрғошин, маргимуш ва бошқа(лар) заҳарли моддалар Ж. да ушланиб қолади, сўнгра безарар органик моддалар (кўпинча оқсил моддалар) шаклида организмдан чиқиб кетади. Организмда оқсиллар парчаланишидан ҳосил бўладиган аммиак, қисман сийдик кислота ҳам Ж. да мочевинага айланиб, организмдан сийдик билан чиқиб кетади (мочевина эса камроқ заҳарли ва яхши эрийдиган моддадир).
Организмда зарарли моддалар кўплаб пайдо бўлганда (масалан, ҳазм аъзоларининг сурункали касаллигида, алкоголизмда) аъзо фаолиятлари бузилади, бу эса оғир касалликларга олиб келади. Жигар касалликларидан ўткир ва сурункали яллиғланиш жараёнлари, шунингдек, паразитар касалликлар учрайди (қ. Гепатит, Жигар циррози, Эхинококкоз).
[addtoany]