Гельминтология

Гельминтология [гельминтлар ва ..логия] – паразит чувалчанглар яъни, гельминтлар ҳамда одам, ҳайвонлар ва ўсимликларда улар келтириб чиқарадиган касалликларни ўрганадиган фан. Гельминтология паразит чувалчангларнинг тузилиши, физиологияси, биокимёси, ривожланиши, экологияси, географик тарқалиши ва зоология тизимидаги ўрнини, шунингдек, уларнинг хўжайин организмига таъсирини ўрганади, Гельминтоз касалликларга (қ. Гельминтозлар) ташхис қўйиш, уларнинг клиник белгилари, патогенези, эпидемиологияси ва эпизоотологиясини ўрганиш, улар асосида даволаш ва профилактик тадбирлар ишлаб чиқиш ҳам гельминтологиянинг вазифаларига киради. Паразит чувалчангларни ўрганиш туфайли гельминтология, бир томондан, зоологиянинг бир тармоғи бўлса, иккинчи томондан, гельминтларнинг патогенлик хусусияти ва уларга қарши кураш чораларини ўрганиш орқали клиник фанлар – патфизиолгия, патанатомия, биокимё, иммунология ва бошқа(лар) билан боғланган. Амалий гельминтология тиббиёт ва агрономия соҳаларига ажратилади. Гельминтологиянинг бундай бўлиниши аксарият сунъий бўлса-да, амалий жиҳатдан зарур ҳисобланади. Тиббиёт гельминтологияси одам организмида паразитлик қиладиган гельминтларни ўрганади. Агрономия гельминтологияси ўсимликлар гелминтларини ўрганиш ва уларга қарши кураш тадбирларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ветеринария гельминтологияси эса хонаки, ов қилинадиган ва ёввойи ҳайвонларда паразитлик қиладиган гельминтларни ва уларга қарши кураш чораларини ўрганади. Одамларда паразитлик қиладиган гельминтлар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар Абу Али ибн Синонинг «Китоб аш-шифо» асарида учрайди. Унда Ибн Сино одам ичагида паразитлик қиладиган «катта ва узун қурт» (қорамол тасмасимони), «қовоқ урушга ўхшаш курт»(ковоқсимон гижжа), «митти курт» (кичик занжирсимон гижжа) ва бошқа(лар) ҳамда улар келтириб чиқарадиган касалликларни даволаш ҳақида маълумотлар берган. Гельминтология соҳасидаги дастлабки тадқиқот рус сайёҳи А. П. Федченко томонидан 1868 й. да олиб борилган. У Самарқандда риштанинг биол. сини ўрганган. Бу соҳадаги тадқиқотлар 20-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб Ўрта Осиё давлат ун-ти, Тиббиёт паразитологияси ин-ти ҳамда бир қанча тропик ст-яларнинг ташкил этилиши билан кенгайиб борди. Л. М. Исаев ришта ҳаётини ўрганиб, унга қарши кураш чораларини ишлаб чиқди ва тиббиёт паразитологияси соҳасидаги тадқиқотларни бошлаб берди. Бу борадаги ишлар кейинчалик С. Н. Бобожононинг тадқиқотларида ўз аксини топди. Кейинги йилларда Г. да асосий эътибор экология, биокимё ва бошқа(лар) эксприментал тадқиқотларга қаратилмоқда, гельминтлар билан улар хўжайинлари ўртасидаги паразит хўжайин ва филогенетик муносабатлар тадқиқ қилинмоқда. Гельминтология соҳасидаги ишлар кишилар соғлигини сақлашда катта амалий аҳамиятга эга.

[addtoany]