Гепатит [юн. hepar; hepatos – жигар] – жигар яллиғланиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи. Инфекцион (вирусли гепатит A, В, С, Е, D) ёки ноинфекцион (масалан, овқатдан заҳарланиш) ҳамда бирламчи ва иккиламчи инфекцион гепатит бўлади. Бу касаллик бруцеллёз, безгак, захм ва бошқа(лар) инфекцион касалликлар, шунингдек, сурункали меъда-ичак касалликларида кузатилади. Маргимуш, заҳарли замбуруғлар, кампирчопон (гелиотроп), саноатда, қишлоқ хўжалиги ва рўзғорда ишлатиладиган заҳарлар (дихлофос, хлорофос, кабофос, алкоголли заҳарланиш ҳам гепатитга сабаб бўлиши мумкин. Алкоголизмда касаллик оғир ўтиб, жигар ириб кетиши (некроз) мумкин. Касаллик ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир гепатитда кўз оқи ва бадан сарғаяди, жигар катталашади, жигар соҳасида оғирлик ва оғриқ пайдо бўлади, беморнинг кўнгли айниб, кусади, иштаҳаси йўқолади, оғзи тахир бўлади. Баъзан ҳомиладорлик токсикозларида ҳам ўткир гепатит рўй беради. Ўткир гепатит ўз вақтида даволанмаса, бемор парҳез қилмаса, жигарнинг махсус (паренхиматоз) тўқимаси бириктирувчи тўқима билан алмашинади (қ. Жигар циррози). Ўткир касаллик баъзан 2-3 ойга чўзилиб, сурункали гепатитга айланади. Касалликнинг бошланиш даврида беморнинг аҳволи деярли ўзгармайди, ҳатто ишлайверади, касаллик эса зўрая боради. Беморнинг кўз оқи ва бадани сарғайганда, ҳарорати меъёрий бўлса ҳам, ўринга ётқизиб, шифокор чақириш керак. Гепатит заҳарланиш оқибати бўлса, беморни дарҳол касалхонага жойлаштириш лозим. Гепатит бўлган бемор ётиши, жигар соҳасини иссиқ тутиши керак. Бемор овқатида осон ҳазм бўладиган карбонсув, оқсил ва витаминлар етарли, ёғ кам бўлиши зарур. Кўпроқ ҳўл мева, сабзавот шарбати, қанд-шакар, мураббо, асал, оқ нон, шунингдек, енгил ҳазм бўладиган овқатлар: ширгуруч, шовла, сут, қатиқ, пишлоқ ва творог буюрилади (сутли овқатлар ва, айниқса, творогда жигар ҳужайраларини емирилишдан сақпайдиган моддалар бор). Жигар фаолияти касалликдан кейин жуда секин аёлига келади. Сурункали Г. нинг олдини олиш учун бемор узоқ вақт (баъзан бир-икки йилгача) сабр-тоқат билан оилавий шифокор назоратида даволаниши, маълум тартиб (овқатланиш ва дам олишга риоя қилиши керак.
[addtoany]