Гипертрихоз

Гипертрихоз [гипер… ва юн. thrichos – соч], баданни ортиқча жун босиши, сертуклик – эндокрин безлар фаолиятининг бузилиши натижасида баданни қалин тук (жун) қоплаши ёки мутлақо тук бўлмайдиган жойлардан тук чиқиши. Туғма ва орттирилган гипертрихоз бўлади, боланинг кафти, товони, оёқ-қўл бармоқларининг ички томонидан ташқари, баданнинг ҳамма қисми майин, узун, нозик тук билан қопланади. Туклар бир жойда (маҳаллий, масалан, юзда) ёки баданнинг ҳамма қисмида (тарқоқ) учраши мумкин. Ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши, шунингдек, иссиқ, механик ва кимёвий таъсиротлар натижасида баданнинг маълум бир жойида Туклар кўп ўсади. Бутун баданнинг сертуклиги, табиатан киши конституциясига (масалан, жанубдаги баъзи халқлар сертук бўлиши) ҳам боғлиқ. Устки лаб, лунжлар, баъзан энгак ва бўйнида дағал тук (соқол-мўйлов) ўсиши мумкин (қ. Гирсутизм)’, баъзан балоғатга етиш ёки климактерия даврида ҳам кузатилади. Гипертрихоз яққол намоён бўлиб, киши ҳуснини бузса, косметолог-шифокорга кўриниш, агар унга бирор касаллик сабаб бўлса, вақтида даволатиш зарур.

[addtoany]